Veolia Energy пойтахтда кузги иссиқ сув ўчирилиши сабабларини тушунтирди

Veolia Energy пойтахтда кузги иссиқ сув ўчирилиши сабабларини тушунтирди
Veolia Energy Tashkent компанияси пойтахтда ҳар йили кузда нима учун 5 кунга иссиқ сув ўчирилишига ойдинлик киритди.
Бундай ишлар амалга оширилишининг асосий сабаби — Тошкентдаги иссиқлик тармоқлари ва ер ости коммуникацияларининг эскирганлик даражаси юқорилиги бўлиб, уларнинг катта қисми ўн йиллар аввал қурилган. Бир мавсумда бутун инфратузилмани тўлиқ янгилаш имконсиз, шу боис мутахассисларнинг асосий вазифаси — тизимни ишчи ҳолатда сақлаб туриш ва қишда аварияларнинг олдини олишдир.
5 кунлик ўчириш вақтида мутахассислар совуқ кунлар бошлангунга қадар заиф жойларни олдиндан аниқлаш учун магистралларда юқори босим остида гидравлик синовлар ўтказадилар. Бундан ташқари, қозонхона ускуналарига тўлиқ хизмат кўрсатилади, жумладан, қозонлар ва насослар тўхтатилиб, тозаланади ва деталлари алмаштирилади, шунингдек, юқори қаватларга иссиқлик узатиш тизими созланади.
Компаниядан таъкидлашларича, 5 кун — километрлаб тармоқлардан сувни тўкиб ташлаш, таъмирлаш ишларини олиб бориш, сўнгра тизимни тўлдириш ва уни ишчи режимга келтириш учун зарур бўлган энг кам муддатдир. Veolia Energy Tashkent, шунингдек, инфратузилмани модернизация қилиш босқичма-босқич амалга оширилаётганини, ҳозирги ишлар эса қишда коммунал авариялар хавфини камайтиришга ёрдам беришини қайд этди ва аҳолига тушунишгани учун миннатдорчилик билдирди.

