Венгрияда қабр қазиш бўйича халқаро чемпионат бўлиб ўтди (видео)

**Венгрияда қабр қазиш бўйича халқаро чемпионат ўтказилди (видео)**
Венгриядаги қабристонлардан бирида қабр қазиш бўйича халқаро мусобақа ташкил этилди. Бу ноодатий туюлиши мумкин, бироқ 5-сентябр куни 38 нафар иштирокчи қўлига кетмон ва белкурак олиб беллашди.
Мусобақани Венгрия қабристонларни сақлаш ва уларга хизмат кўрсатиш ассоциацияси уюштирди. Унинг мақсади гўрковлик касби ва унинг маҳоратини намойиш этиш, шунингдек, ўлимга оид қарашларни ўзгартиришдан иборат.
Венгриянинг шимолидаги Ньергешужфалу шаҳри қабристонидаги қуруқ ва иссиқ тупроқ 19 та жамоа учун жиддий синов бўлди. Икки кишидан иборат жамоалар энг тез ва энг чиройли қабр қазиш учун бор кучи билан ишлади.
“Бу ерда гўзаллик эмас, тезлик асосий ўринда”, деди ғолиб жуфтлик вакили Роберт Над ўз жамоадоши Ласло Киш билан бирга.
“Дафн маросими учун қабр қазиётганингизда унинг аниқ ўлчамларига жуда эътиборли бўлишингиз ва чиройли чиқишини таъминлашингиз керак”, дея қўшимча қилди у.
Мусобақа қоидаларига кўра, қабр чуқурлиги 1,6 метр, узунлиги 2 метр ва кенглиги 0,8 метр бўлиши керак эди. Ғолиб жамоа қабрни 1 соат-у 21 дақиқада қазиб, муваффақият қозонди. Ғолиблар 200 минг венгрия форинти (тахминан 640 доллар) миқдоридаги пул мукофотини бўлишиб олди.
Хавфсизлик нуқтайи назаридан, ҳар бир жамоадан фақат бир киши бир вақтнинг ўзида қабр ичида ишлаши мумкин эди. Жамоанинг иккинчи аъзоси қазиб олинган тупроқни тозалаши ва тартибга солиши мумкин эди. Бироқ унга қабр ичига киришга рухсат берилмайди.

