“Вазир ва генераллар олишишсин”. Ёқилган асарлар, қатл этилган сингил ва нацистларга душман бўлган немис ёзувчиси фожиаси

“Вазир ва генераллар олишишсин”. Ёқилган асарлар, қатл этилган сингил ва нацистларга душман бўлган немис ёзувчиси фожиаси
Бардамлик билан судралишда давом этинг, ҳар қандай йўл охирида сизни, барибир, Яратган кутиб олади!
Худойим ёзувчи ва ижодкор зотига ростдан ҳам бетакрор даражада гўзал ёки худди шу даражада аянчли тақдирларни насиб қилган. Аммо уларнинг ичида бир германиялик ёзувчи борки, ўз юртида асарлари оловда ёқилган, синглисининг бошини чопишиб унинг оиласига суд ва қамоқ харажатлари учун чек юборишган, бутун умри ва ижоди жаҳон урушлари ичида ўтган. Унинг асарлари ва биографияси ўртасида кўп ҳам фарқни топмайсиз. Бу, албатта, Эрих Мария Ремарк!
Адабиёт оламида унинг исмини эшитган лаҳзада ҳар бир китобхон хаёлида уруш даҳшатлари, унутилган авлод изтироби ва ғамгин қадаҳ садолари янграйди. У дунёнинг энг кўп ўқилган, миллионлаб нусхада сотилган асарлар муаллифи бўлиш билан бирга, чексиз уқубат ва сирлар, айбловлар-у, туҳматларга тўла, аянчли ҳамда қизиқарли ҳаёт йўлига эга.
Ушбу мақолада ўша хандақлардан то Швейсариянинг сокин қабристонигача бўлган йўлни бирга босиб ўтамиз ( асарлар ҳақида гап кетганда ҳам имкон борича сюжетни фош этмасликка ҳаракат қиламиз ).
Қабртошлар, гўшт майдалагич ва Ремарк
1898-йил 22-июн. Германиянинг Оснабрюк шаҳри. Китоб муқоваловчи уста оиласида чақалоқ дунёга келди. Унга Эрих Паул деб исм беришди. Болалик йиллари католик семинарияларининг қатъий қоидалари ва отаси билан тинимсиз зиддиятлар ичида ўтди. У ёшлигидан санъатга, мусиқага талпинди, бироқ тақдир унинг учун мутлақо бошқа “консерт” тайёрлаб қўйган эди.
1916-йил. Биринчи жаҳон урушининг энг қонли палласи. 18 ёшли Эрих ўз тенгдошлари қатори Фландрия ботқоқликларига, 1917-йил 17-июнда эса кўринмас ўлим ва заҳарли газлар ҳукмрон бўлган Ғарбий фронтга ташланди. Мактаб партасидан тўғри жангга кирган бу йигитлар тез орада бир ҳақиқатни англаб етишди: ватанпарварлик ҳақидаги баландпарвоз нутқлар душман ўқи олдида бир чақага ҳам арзимас экан. У бир йилдан сўнг 5 жойидан яраланиб ҳарбий госпиталга тушади. Снаряд парчалари унинг танасини йиртиб юборди, аммо энг катта жароҳат унинг руҳиятига етган эди. Ҳарбий госпиталда ётганида, 19 ёшли йигитнинг онаси Анна Мария саратондан вафот этди.
“Мен уни касалхонада ўлик ҳолда кўрдим, лекин уни таний олмадим”, деб ёзади у кундалигига.
Уруш тугади. Аммо фронтдан қайтган йигитлар тинч ҳаётга мослаша олишмади. Улар уйларига қайтишди, бироқ уларнинг уйи энди йўқ эди. Ремарк тирикчилик илинжида нималар қилмади дейсиз: мактабда ўқитувчи бўлди, руҳий касалхонада ишлади, ҳисобчилик қилди, ҳатто қабристонларда қабртошлари савдоси билан ҳам шуғулланди. Айнан шу қабртошлари сотувчиси сифатидаги тажрибалари кейинчалик унинг “ Қора ҳайкал ” романига асос бўлди. Унда қадрсизланган пуллар, инфляция ва ҳар куни ўз жонига қасд қилаётган одамлар фонида инсонийлигини йўқотмасликка уринган шахслар тасвирланган.
1928-йил. Ремарк ёзув машинкаси қаршисида ўтириб, ўз ичидаги барча иблисларни қоғозга тўкиб сочишга қарор қилди. У бор-йўғи олти ҳафта ичида бир романни ёзиб тугатди. Бу асар 1929-йилда “ Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ ” номи билан чоп этилди.
Уруш эълон қилишдан олдин умумхалқ сайли уюштирилиши керак, худди буқалар жанги томошасида бўлганидай, мусиқа чалиниб, чипталар сотилиши лозим. Кейин душман мамлакатларнинг вазир ва генераллари майдонга тушиб, бир-бирлари билан олишишсин. Ким енгса, ўша мамлакат ғолиб чиққан деб ҳисобланади. Шунда адолатли иш бўлади. Ҳозирчи? Мутлақо нотаниш одамлар бир-бирларини ўлдириб ётишибди.
Портлаш юз берди. Китоб шунчаки оммалашмади, у ҳаммани ларзага солди. Асар жуда қисқа вақт ичида 26 тилга таржима қилиниб, илк йилдаёқ ярим миллион нусхада сотилди. Китобда ўша йилларда уруш ҳақидаги асарларда одатий бўлган қаҳрамонлик руҳи йўқ эди. Унда очлик, қурт босган овқатлар, узилган оёқлар ва 150 кишилик ротадан тирик қолган 32 та аскарнинг мунгли кўзлари бор эди, холос. Ремарк миллионлаб “ йўқотилган авлод ” вакилларининг овозига айланди. Аммо бу муваффақиятнинг тўлови жуда оғир бўлиши турган гап.
Қувғин ва Крамер афсонаси
“Қаерда китоблар ёқилса, кейинчалик у ерда одамлар ҳам ёқилади ”. Генрих Гейненинг бу сўзлари Германия учун даҳшатли башоратга айланди.
1930-йил 5-декабр куни Берлиндаги “Мозарцаал” кинотеатрида “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ” романининг Голливуд томонидан суратга олинган филми премьераси бўлиб ўтаётган эди. Асар немис аскарларини “енгилмас қаҳрамон” сифатида кўрсатмагани ва урушнинг қонли ҳақиқатини очиб бергани учун, Ёзеф Геббелс бощилигидаги нацистлар бу намойишни бузишга тайёргарлик кўришган. Улар залга яширинча кириб, томоша ўртасида сассиқ бомбалар ташлашган, аксиртирувчи кукунлар сочишган ва оломонга қараб юзлаб сичқонларни қўйиб юборишган. Натижада залда ваҳима кўтарилиб, одамлар қочиб чиқишга мажбур бўлган, сеанс эса тўхтатилган.
“Ўн дақиқада зал бутунлай тартибсизлик ичида қолди. Полиция ожиз эди. Ғазабланган оломон яҳудийларга нисбатан ўз қаҳрини кўрсатди. Бу бизнинг биринчи катта ютуғимиз. Биз “ Йўқолсин яҳудийлар, яшасин Гитлер! ”, дея бақирдик. Полиция биз билан маслакдош бўлди. Газеталар бизни қўллаб-қувватлади. Миллат биз томонда. Бир сўз билан айтганда — ғалаба”, дея ёзиб қолдиради Геббелс ўз қайдларида.
Фашистлар учун Ремаркнинг асари немис аскарининг шаънига доғ туширувчи хиёнат эди. Улар яна тинчлик бўйича Нобел мукофотига номзод бўлган бу ёзувчини обрўсизлантириш учун қабиҳ кампания ҳам бошлашди. Гўёки Ремарк, умуман, урушда қатнашмаган, унинг асл фамилияси эса тескарисига ўқиладиган “ Крамер ” бўлиб, ўзи яҳудий эмиш.
Лекин ушбу “яҳудий” 1918-йилда И даражали темир хоч билан тақдирланган. 1919-йил 5-январда Ремарк орден ва фахрий нишондан воз кечиб, армиядан бўшатилган эди.
1933-йил 10-май. Берлин, Бебелплац майдони. Қип-қизил машъалалар кўтарган талабалар ўз қўллари билан жаҳон адабиёти дурдоналарини оловга отишди. Карл Маркс, Жек Лондон, Томас Манн ва Эрих Мария Ремаркнинг китоблари гулханда ёнарди. Нацистлар ўз келажагини китобларни кул қилишдан бошлади. Ремарк ҳаёти хавф остида эканини англаб, Швейсарияга кўчиб ўтди. 1938-йилда эса фашистик Германия уни расман фуқароликдан маҳрум қилди. Энди у бутун дунё танийдиган, аммо ўз ватани йўқ қувғундига айланган эди.
Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган сурат
Гилётина остидаги жон ва 495 маркалик чек
Ремарк хавфсиз жойда — дастлаб Швейсария, сўнгра АҚШда яшарди. Аммо унинг Германияда қолган оиласи нацистлар нишонида эди. Ёзувчининг синглиси Элфрида Шолс тикувчилик қилиб тирикчилик қиларди. 1943-йилда у мижозларидан бирига “ Уруш барибир мағлубият билан тугайди, аскарлар бекорга ўляпти ”, деб айтиб қўяди. Чақимчилик ортидан Элфрида дарҳол Гестапо томонидан ҳибсга олинади.
Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган сурат
Суд мажлисида машҳур судя Роланд Фрейслер унга қараб шундай дейди: “ Бахтга қарши, аканг бизнинг қўлимиздан қочиб, мамлакатни тарк этди, лекин биз сени қўлга туширдик! ”. 1943-йил 16-декабр куни 43 ёшли Элфриданинг боши гилётина остида танасидан жудо қилинди.
Бироқ энг даҳшатли ва совуққон воқеа шундан кейин юз берди. Фашистик давлат Ремаркнинг оиласига хат юборди. Хат ичида чек бор эди — давлат Элфридани қамоқда сақлаш, суд қилиш ва қатл этиш ( гилётина пичоғини чархлашгача ) харажатлари учун 495 марка ва 80 пфеннинг тўлашни талаб қилганди. Бу хабар ёзувчининг юрагини парчалаб ташлади. У бу азоб ва айбдорлик ҳисси билан умрининг охиригача яшади ва кейинчалик конслагерлардаги даҳшатларни фош қилувчи “ Ҳаёт учқуни ” романини айнан ҳалок бўлган синглиси хотирасига бағишлади.
Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган сурат
Сохта барон, аросатдаги муҳаббат ва “Уч оғайни” сирлари
Ремаркнинг шахсий ҳаёти асарларидаги каби зиддиятли ва эҳтиросли эди. 1925-йилда у раққоса Илзе Ютте Замбонега уйланади. Улар театрлар, қимматбаҳо ресторанларда вақт ўтказишар, ҳаттоки Ремарк ўзини аристократлардек тутиш учун 500 маркага баронлик унвонини ҳам сотиб олганди. Уларнинг турмуши атиги 3 йил давом этди ва ажрашишди. Бироқ нацистлар қувғини бошланганда, Ремарк собиқ хотинини қутқариб қолиш учун 1938-йилда унга қайтадан уйланади ва ўзи билан Швейсарияга олиб кетади. Айнан мана шу Илзе Ютте барчамиз севиб ўқийдиган “ Уч оғайни ” асаридаги Патриция Холман (Пат) образининг прототипи ҳисобланади. ( Ремарк 1957-йилда у билан расман ажрашганда ҳам, умрининг охиригача унга катта миқдорда нафақа тўлаб келган ).
Ёзувчининг ҳаётидаги энг ёрқин, аммо энг заҳарли муҳаббат — америкалик кино юлдузи Марлен Дитрих билан бўлган муносабатларидир. Дитрих гўзал, жозибали, бироқ мутлақо эркин ва худбин аёл эди. Ремарк уни телбаларча севарди, қизғанарди ва эзиларди. Уларнинг муносабатлари худди жарга қараб кетаётган пойга машинасига ўхшарди. Ёзувчи ўзининг “ Зафар дарвозаси ” романидаги Жоан Маду образини айнан Дитрихдан кўчириб ёзган. Асардаги муҳаббат қанчалик фожиали бўлса, ҳаётда ҳам шундай якун топди. Улар ажрашишди.
Аёл сизни ҳеч қачон тарк этмайдигандай сева олиши ва ҳеч қачон севмагандай тарк эта олиши мумкин.
1951-йил. Ню Ёрк. Ремарк руҳий тушкунлик, ичкиликбозлик ва неврастения исканжасида яшаётган бир пайтда у билан учрашади. У — Чарли Чаплиннинг собиқ хотини, 40 ёшли актриса Полетт Годдард эди. Қувноқ, эркин, ҳаётга муҳаббат билан қарайдиган бу аёл ёзувчини чуқур депрессиядан тортиб олди.
Улар биргаликда вақт ўтказишни бошлашди. Полеттнинг ҳаётий энергияси Ремаркка шунчалик куч бердики, у “ Ҳаёт учқуни ” романини ёзиб тугатди. Айнан шу асарда у биринчи марта фашизм ва тоталитар тузумларнинг ғайриинсоний моҳиятини тенглаштириб кўрсатди. Полеттнинг таъсирида у яна яшашни хоҳлаб қолди, бироқ Ремаркнинг ўтмиш жароҳатлари бутунлай битиб кетмади. У барибир кундаликларида “ҳушёр ҳолатда одамлар тугул ўзи билан ҳам гаплаша олмаслигини” ёзиб, тинимсиз ичарди.
Ремарк ўзининг машҳур “ Қарзга олинган умр ” романини ёзганда эҳтирос, ўлим ёқасидаги ҳаёт ва пойгаларни тасвирлайди. Асар қаҳрамони Лилиан силга чалинган бўлиб, ўлимини кутар, аммо охирги ойларини тўлақонли яшаш учун пулларини ҳашаматли либослар-у кафеларга сарфлайди. Бу ўлим билан юзма-юз келган инсоннинг табиатидир. Асарнинг бош ғояси оддий: инсон ҳар бир лаҳзанинг тугашини, умрининг ўткинчилигини бутун вужуди билан ҳис қилгандагина ҳаётнинг қадрига етади.
Ким билади дейсиз, балки ҳаёт бизга жазо сифатида бошқа бир дунёда қилган гуноҳимиз учун берилгандир. Балки ҳозирги ҳаётимизнинг ўзи дўзахдир, черковдагилар ўлимдан кейинги дўзах азоби ҳақида гапириб адашишаётгандир...
Вайроналар устидаги арвоҳлар: сўнгги бекати
1952-йилда Ремарк ўттиз йиллик танаффусдан сўнг ўз ватанига, Германияга боради. У вайрон бўлган, аммо қайта қурилаётган Оснабрюкни кўради. У ерда отаси ва тирик қолган синглиси Эрна билан кўришади. Бироқ Берлин харобалари уни ларзага солади. У кўчаларда ўзини “арвоҳлар, руҳи зўрланган зомбилар” орасида қолгандек ҳис қилади. Германия ҳам энди унга бегона эди, у бу ватанни руҳан қабул қила олмади. Ҳукумат ҳам унга фуқаролигини қайтариб бермади (ҳатто 1967-йилда орден беришганда ҳам бу эътиборсиз қолдирилди).
1960-йилларга келиб ёзувчининг соғлиғи кескин ёмонлаша бошлади. У 1963 ва 1965-йилларда бир неча бор инсултни бошдан кечирди. У асосан Швейсариянинг Локарно ва Аскона шаҳарларида, шунингдек қишлари Полетт билан Римда яшарди. 1970-йилнинг ёзи охирида унинг юраги яна панд берди.
1970-йил 25-сентябр куни 72 ёшли Эрих Мария Ремарк Локарно шаҳридаги шифохонада ҳаётдан кўз юмди. Швейсариядаги камтарона дафн маросимида кўпчилик йиғилмади. Собиқ севгилиси Марлен Дитрих унинг қабрига қип-қизил атиргуллар гулдастасини юборган эди. Бироқ хотини Полетт Годдард ўзининг аёллик ғурури ва рашки туфайли у атиргулларни эрининг қабрига қўйдирмади.
Хотима ўрнида...
Эрих Мария Ремарк қандай яшаган бўлса, шундай ёзди. У ўз асарларида сунъий қаҳрамонлар яратмади. Унинг қаҳрамонлари қўрқарди, йиғларди, хиёнат қиларди, ичарди, аммо энг оғир дамларда инсонийлигини — ўз биродарига бўлган садоқатини йўқотмасди.
“ Давлат ва ватан битта нарса эмас ”, деб ёзганди у. Давлат уни қувғин қилди, китобларини ёқди, синглисини ўлдирди. Аммо Ватан — инсоният қалби ва бутун жаҳон китобхонларининг хотираси уни мангу ўз бағрига олди.
Ҳаёт қарзга олинган. Уни қачон қайтариб беришимизни билмаймиз. Шундай экан, ўлим олдида туриб ҳам яшашни уддалаш керак.

