Узбекистонда аёл янги туғилган чақалоғини ўлдиргани учун судланди

Ўзбекистонда аёл чақалоғини ўлдиргани учун судланди
Сурхондарё вилоятида туғруқдан сўнг дарҳол чақалоғини кўчадаги ҳожатхонага ташлаб кетган аёлга чақалоқ ўлимидан сўнг уч йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Суд-тиббиёт экспертизаси боланинг механик асфиксиядан вафот этганини кўрсатди.
Ҳодиса 2026 йил 10 июнь куни эрталаб Қумқўрғон туманидаги аёлнинг ота-онаси хонадонида юз берган. Туғруқдан сўнг у чақалоқни кўчадаги ҳожатхонада қолдирган, ўзи эса қон кетиши сабабли ҳушини йўқотган. Қариндошлари аёлни топиб, касалхонага олиб боришган. Бола ҳожатхонадан чиқариб олиниб, суд-тиббиёт экспертизасига юборилган.
Экспертиза боланинг механик асфиксиядан вафот этганини аниқлади: унинг нафас йўллари ахлат билан тўлиб қолган.
Судда аёл айбига иқрор бўлди, аммо болани тирик деб ўйламаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, чақалоқ нафас олмаган ва у бола ўлик туғилган деб ҳисоблаган. Шу билан бирга, аёл унинг йиғисини эшитганини айтган. Сўнг у киндик ипини кесиб, болани ҳожатхонада қолдирган. У, шунингдек, ўша пайтда ўз ҳаракатларини тўлиқ англамаганини ва содир бўлган воқеани аранг эслашини таъкидлади.
Аёлнинг эри судга охирги вақтларда турмуш ўртоғида паришонхотирликни ва баъзида ўзича гаплашиб юришини пайқаганини маълум қилди. У ораларида жанжал ва ўзаро эътирозлар бўлганини инкор этди ҳамда суддан енгиллик беришни сўради. Аёлнинг онаси ҳам оилавий низолар ҳақида хабар бермади. Суд оиладаги низолар ёки қариндошлар томонидан мажбурлаш фактларини аниқламади.
Аёл Ўзбекистон Жиноят кодексининг 99-моддаси (Она томонидан ўз янги туғилган боласини қасддан ўлдириш) бўйича айбдор деб топилди. унга уч йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Жазони ўташ муддати давомида аёл иш ёки ўқишдан ташқари вақтда рўйхатдан ўтган яшаш жойида бўлиши шарт. Унга рухсатсиз яшаш жойини ўзгартириш ва Сурхондарё вилояти ҳудудидан ташқарига чиқиш тақиқланади. Бундан ташқари, унга кафе, бар, ресторанларга бориш ва оммавий тадбирларда иштирок этиш мумкин эмас.
Ҳукм устидан қонунда белгиланган муддатда шикоят қилиниши мумкин.

