Маҳаллий

Навоийда 2 ёшга тўлмаган қизини қизиган печга босган она судланди

Навоийда 2 ёшга тўлмаган қизини қизиган печга босган она судланди

Навоий вилояти Кармана туманида 2 ёшга тўлмаган қизини ҳожатини айтадиган қилиш мақсадида қизиган печга босган 23 ёшли аёлнинг озодлиги чекланган.

Маълум бўлишича, аёл ўз фарзанди (2024-йилда туғилган) — қизини жорий йил январ ойида маҳалласидаги боғчага берган. Бола ич кийимига ҳожатини чиқариб қўйгани сабабли боғча опалари бу ҳақда онасига бир неча бор айтган.

Аёл бу масалани овсини билан муҳокама қилган. Овсини унга қайнсинглиси ҳам ёшлигида ич кийимига ҳожат чиқариб қўйганини, акалари унинг думбасини иссиқ нарсага куйдиргач, бу одатини ташлаганини айтган.

Шундан кейин она шу усул қизига ҳам ёрдам бериши мумкин, деган хулосага келган. 19-январ куни у қизини чўмилтириш учун ҳаммомга олиб кириб, унинг икки думбаси ва сонининг олд қисмини қизиб турган печнинг карнайига босган.

Эртаси куни аёл қизининг икки думбаси куйганини кўриб, жароҳатланган жойларига дори суртган ва уни уй шароитида даволаган. Орадан 3–4 кун ўтгач, боланинг куйганидан қайнонаси ҳам хабар топган.

Воқеа қарийб беш ой ўтиб ИИБ ходимларига маълум бўлган. 11-июн куни аёл ва унинг турмуш ўртоғи ўртасида оилавий келишмовчилик юзага келгач, қайнонаси уйга маҳалла раиси, хотин-қизлар фаоли ва ИИБ ходимларини чақирган. У келинидан шикоят қилиш жараёнида набирасининг куйган жойларини телефонига суратга олиб қўйганини айтиб, расмларни ходимларга кўрсатган.

Судда аёл қизини қийнаш нияти бўлмаганини, уни ич кийимига ҳожат чиқариб қўйиш одатидан қайтариш учун шундай қилганини билдирган. У қилмишидан пушаймонлигини айтиб, суддан енгилроқ жазо тайинлашни сўраган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, боланинг икки думбасида куйган яралар аниқланган.

Жароҳатлар юқори ҳароратли жисм таъсирида юзага келган ва соғлиқнинг олти кундан кўп давом этмайдиган бузилишига сабаб бўлувчи енгил тан жароҳати деб баҳоланган.

Суд аёлнинг айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, ёшлиги ва илгари судланмаганини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида инобатга олган.

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди аёлни Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) 2-қисми “а, в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Унга 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.