Навоийда ниқоб тақиб, хонадонга пичоқ билан бостириб кирган эркак 15 йилга қамалди

Навоийда ниқоб тақиб, уйга пичоқ билан бостириб кирган шахс 15 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Навоий вилоятининг Кармана туманида хонадонга бостириб кириб, қизга пичоқ тираган, сўнгра унинг қўл-оёқларини боғлаб, қимматбаҳо буюмларни ўғирлаган хавфли рецидивист 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Ушбу фуқаро 2026-йил 23-апрел куни ўзганинг мол-мулкини босқинчилик йўли билан талон-тарож қилиш мақсадида тумандаги хонадонлардан бирига ноқонуний равишда кирган. У юзига оқ рангли дока ниқоб тақиб, ошхона пичоғи билан қуролланган ҳолда ётоқхонада ётган ёш қизга ҳужум қилган.
Жабрланувчи фаол қаршилик кўрсатган. Шундан сўнг судланувчи уни хонада бўлган чарм тасма ёрдамида қўл-оёқларидан боғлаб, пичоқ билан қўрқитган ва пул қаердалигини сўраган.
“Тинтишни бошлади. Шкафдан сумканинг ъременъини олиб, қўлимни боғлади. Кейин яна пичоқни тираб, пул қаердалигини сўради”, дея жабрланувчи суд жараёнида воқеани сўзлаб берди.
Босқинчиликни содир этган шахс хонадондан тилла буюмлар ва тақинчоқларни олиб, воқеа жойидан қочган. Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида у бир кун ўтиб қўлга олинган ва судгача ҳибсда сақланган.
Судланувчи бундан аввал ҳам турли жиноятлар учун жавобгарликка тортилиб, хавфли рецидивист деб топилган. Судда эркак ўз қилмишидан пушаймонлигини билдириб, кечирим сўраган.
Суд ҳукмига кўра, у Жиноят кодексининг 164-моддаси 4-қисми “б” бандида (босқинчилик, ўта хавфли рецидивист томонидан) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбли деб топилди. Унга 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
2026-йил июл ойида Самарқандда банкка бостириб кириб, пул талаб қилган ниқобли шахс қўлга олиниб, жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди. Музокаралардан сўнг тартиббузар ўз хоҳиши билан таслим бўлган ва қўлга олинган. Ҳодиса оқибатида фуқароларга зарар етмаган.

