Сирдарёда эридан ўч олиш учун икки фарзандини ўлдирган аёл 13 йилдан кўпроққа қамалди

Сирдарёда эридан ўч олиш ниятида икки фарзандини ўлдирган аёл 13 йилдан ортиқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастури хабар берди.
Воқеа 2024-йил 1-феврал куни Гулистон туманидаги ижарага олинган хонадонлардан бирида содир бўлган. 32 ёшли аёл турмуш ўртоғи билан келишмовчиликдан сўнг ундан қасос олишга қарор қилган. У аввал 6 ёшли, кейин эса қўшни хонада бўлган 4 ёшли ўғлини бўғиб ўлдирган.
Жиноятни яшириш мақсадида аёл болаларнинг жасадларини ёнма-ён ётқизиб, газ плитаси ва жўмракларни очиб қўйган. У болалар ис газидан заҳарлангандек таассурот қолдиришга уринган. Шунингдек, у эрига хат қолдириб, ўз жонига қасд қилишга ҳаракат қилган, бироқ кўрсатилган тиббий ёрдам туфайли унинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Тунги пайт уйга қайтган ота бу даҳшатли ҳолатга гувоҳ бўлган. Суд-тиббий экспертизаси болалар ис газидан эмас, балки механик асфиксия (бўғилиш) натижасида вафот этганини тасдиқлаган.
Жиноят ишлари бўйича Ширин шаҳар судида ушбу иш кўриб чиқилди. Аёл Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а” ва “в” бандларида (икки ёки ундан ортиқ шахсни; ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсни қасддан ўлдириш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди.
Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, унга нисбатан 13 йил-у 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Аёл жазони умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.
Аввалроқ Тошкентда бирга яшаган аёлининг 5 ойлик чақалоғини уриб ўлдирган эркак 16 йилга қамалган эди. Бошқа бир ҳолатда эса Самарқандда онасини дўппослаган ўғилга суд ҳукми ўқилган.

