Иқтисодиёт

“Уйнинг паст баҳоланиши доим ҳам фойдали эмас” - оммавий баҳолаш юзасидан экспертлар билан суҳбат

Солиқ учун маъқул кўринган қиймат уй бузилишга тушганда мулкдорнинг зарарига ишлаши мумкин. Kun.uz билан суҳбатлашган баҳоловчилар оммавий баҳолаш натижаларини компенсация ва гаров учун қўллашга эътироз билдирмоқда. Уларнинг фикрича, тизимнинг вазифаси аниқ чегараланиши, қийматдан норози мулкдорнинг мустақил баҳолатиш ҳуқуқи кафолатланиши керак.

“Уйнинг паст баҳоланиши доим ҳам фойдали эмас” — оммавий баҳолаш бўйича экспертлар билан суҳбат

Тошкентда мулкдорлардан оммавий баҳолаш орқали уйларига белгиланган қиймат билан танишиб, унга муносабат билдириш сўралмоқда. Бироқ бу рақам кейинчалик қайси мақсадларда ишлатилиши ва мулкдор манфаатларига қандай таъсир қилиши борасида аниқлик йўқ.

Навбатдаги суҳбатдошларимиз — Ўзбекистон баҳоловчилар жамияти раиси Зебунисо Исанова ва жамият бошқарув кенгаши аъзоси Шуҳрат Абдуваҳобов бўлди. Улар қонун лойиҳасидаги ёндашувларга доир эътироз ва таклифларини билдирди.

### Бир қиймат солиқ ва компенсацияга бирдек мос келадими?

Зебунисо Исанова оммавий баҳолаш натижасини муайян уйнинг индивидуал баҳоси билан тенглаштириб бўлмаслигини айтади. Унингча, баҳолаш мақсади ўзгарса, ҳисоб-китоб талаблари ҳам бошқача бўлади. Шу сабаб у солиқ базасини шакллантириш учун аниқланган қийматни олди-сотди, гаров ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда автоматик қўллашга қарши.

Исанова амалдаги баҳолаш қонунчилигида бозор қиймати ва ундан фарқли қиймат турлари ажратилганини, лойиҳада ишлатилаётган “бозорга яқин қиймат” тушунчасининг ҳуқуқий мақоми эса аниқлаштирилиши кераклигини таъкидлади. Унинг фикрича, янги атама киритишнинг ўзи бозор қийматини аниқлаш талабини алмаштирмайди.

Шуҳрат Абдуваҳобов ҳам асосий муаммони натижанинг қаерда ишлатилишида кўради. Унинг изоҳига кўра, оммавий баҳолашда ўхшаш обектлар гуруҳланиб, умумлаштирилган кўрсаткичлар асосида қиймат чиқарилади. Гаров ёки компенсацияда эса алоҳида мулк ва унинг хусусиятларини баҳолаш зарур.

Экспертнинг айтишича, бозор қийматидан паст баҳо солиқ мақсадида мулкдорга маъқул кўриниши мумкин. Аммо айнан шу рақам уй олиб қўйилганда компенсация учун асос бўлса, мулкдор ўз мулкининг ҳақиқий қийматидан кам пул олиши эҳтимоли бор. Аксинча, қиймат асоссиз юқори чиқса, компенсация тўловчи томон зарар кўриши мумкин.

Абдуваҳобовнинг фикрича, натижага розилик сўрашдан олдин фуқарога ундан қандай мақсадда фойдаланилиши тушунтирилиши керак. Чунки мулкдор бир қийматга солиқ нуқтайи назаридан рози, компенсация нуқтайи назаридан эса норози бўлиши мумкин.

### Ёнма-ён жойлашган қаср ва харобага деярли бир хил баҳо чиқиши мумкин

Зебунисо Исанова жамият ўрганган ҳолатлардан бирини мисол қилиб келтирди: ёнма-ён жойлашган, бири қаср кўринишидаги, иккинчиси эса анча ночор аҳволдаги икки уй оммавий баҳолашда деярли бир хил қиймат олган. Унинг айтишича, индивидуал баҳолашда биноларнинг техник ҳолати ва бошқа хусусиятлари ўрганилса, улар ўртасидаги фарқ ҳисоб-китобда акс этиши керак.

Шуҳрат Абдуваҳобовнинг тушунтиришича, у танишган услубиятда таъмир ҳолати ҳақида кадастр маълумоти бўлса, ундан фойдаланилади. Бундай маълумот бўлмаса, ҳолат ўртача деб олинади. Эксперт бу ёндашув яхши таъмирланган ва таъмирталаб уйлар қийматидаги фарқни етарлича акс эттирмаслиги мумкинлигини айтди.

Абдуваҳобов қаватлар бўйича коеффициентларга ҳам эътироз билдирди. У мисол келтирган беш қаватли бино учун ҳисоб-китобда биринчи қаватга пасайтирувчи, тўртинчи ва бешинчи қаватларга эса оширувчи коеффициент қўлланган. Унингча, лифсиз уйлар ва биринчи қаватнинг тижорат имкониятлари ҳисобга олинса, бундай ёндашув реал бозордаги вазиятга мос келмаслиги мумкин.

Исанова бу фарқлар банк учун ҳам муҳим эканини таъкидлади. Капитал таъмир талаб қиладиган обект сифатли таъмирланган уй билан бир хил баҳоланса, гаров таъминоти асоссиз ошириб кўрсатилиши мумкин. Унинг фикрича, мулкнинг сотилиш имконияти ва ҳақиқий ҳолати текширилмасдан чиқарилган баҳо кредит қайтмаганида гаров қарзни қопламаслиги хавфини кучайтиради.

Компенсацияда эса масала фақат уйнинг таъмирига бориб тақалмайди. Абдуваҳобовнинг айтишича, кадастр базасига таяниш ҳовлидаги айрим қўшимча иморатлар ёки кўп йиллик дарахтларни ҳисобдан четда қолдириши мумкин. У жамоат эҳтиёжлари учун ер олиб қўйиш ҳақидаги қонунда кўчмас мулк, ерга бўлган ҳуқуқ ва дов-дарахтларнинг бозор қийматини қоплаш назарда тутилганини қайд этди.

Эксперт, шунингдек, қонунда назарда тутилган ҳолатларда кадастрга киритилмаган иморатлар қийматини қоплаш масаласи ҳам борлигини таъкидлади. Унинг эътирозича, базада мавжуд бўлмаган обектни оммавий ҳисоб-китоб орқали тўлиқ қамраб олиш қийин.

Исанованинг фикрича, компенсацияни паст белгилаш қисқа муддатда харажатни камайтиргандек кўринади. Аммо мулкдор билан низо, қайта баҳолаш, суд харажатлари ва лойиҳанинг кечикиши кейинчалик кўпроқ маблағ талаб қилиши мумкин. У бундай вазият мулк ҳуқуқи ҳимоясига бўлган ишончга ҳам таъсир қилишини айтди.

Ҳар икки экспертнинг таклифи — оммавий баҳолаш вазифасини солиқ мақсадлари учун базавий қийматни шакллантириш билан чеклаш. Уларнинг фикрича, компенсация, гаров ва бошқа индивидуал битимларда алоҳида баҳолаш сақланиши, баҳодан норози мулкдорнинг мустақил ҳисобот орқали ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш имконияти қонунда аниқ кафолатланиши керак.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.