Урганчда янги аэровокзал қурилиши бошланди. Янгиланган аэропорт қандай кўринишда бўлади
Урганч халқаро аэропортида янги йўловчи терминали қурилиши бошланди. Аэропорт мажмуасини 242 миллион долларлик кенг кўламли қайта ташкил этиш Жанубий Кореянинг Incheon International Airport Corporation компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Аэропорт қандай ўзгариши ҳақида — «Газета» материалида.

Урганчда янги аэровокзал қурилиши бошланди. Янгиланган аэропорт қандай кўринишда бўлади
29 сентябрь куни журналистларга Жанубий Кореянинг Incheon International Airport Corporation компанияси томонидан барпо этилаётган Урганч халқаро аэропортининг бўлажак йўловчи терминали майдончаси кўрсатилди.
Бу ердаги эски учиб келиш терминали тўлиқ бузиб ташланди, ҳудуд тозаланди ва текисланди. Ҳозирда пойдевор остига тупроқни мустаҳкамлаш учун мўлжалланган махсус бетон қозиқлар (сваялар) қоқилмоқда. Жами 1495 та қозиқ қоқиш режалаштирилган.
Пудратчи — Жанубий Кореянинг BoMi Engineering & Construction компанияси вакили, қурилиш учун масъул Хван Ёндже Урганчдаги тупроқ хусусиятлари туфайли қозиқлар зарурлигини тушунтирди: бу ерда тупроқнинг юқори қатламлари сувга тўйинган ва етарлича барқарор эмас. Узунлиги қарийб 12 метр бўлган қозиқлар ушбу қатламлардан ўтиб, зич қуруқ лойга тақалади. Шундан сўнг пойдевор қуйиш бошланади, кейин эса металл конструкцияларни монтаж қилишга киришилади.
Қурилиш вақтида аэропорт ўз фаолиятини тўхтатиб қўймаслиги учун Корея томони вақтинчалик учиб келиш терминалини қурди, деб тушунтирди аэропорт директори Ойбек Маткаримов. Бу сэндвич-панеллардан тикланган енгил ангардир. Қурилиш давом этаётган бир пайтда рейслар ўша ерда қабул қилинади, янги терминал қуриб битказилгач эса ангар демонтаж қилинади.
Лойиҳа «қуриш — фойдаланиш — давлатга топшириш» (Build-Operate-Transfer) давлат-хусусий шериклик схемаси асосида амалга оширилмоқда. Лойиҳа муддати 22 йилни ташкил этади, шундан уч йили қурилиш давридир.
Лойиҳани тайёрлаш 2024 йилда бошланган. Аввалига Вазирлар Маҳкамаси концепцияни тасдиқлади, сўнгра икки босқичли халқаро тендер ўтказилди. 2025 йил 17 апрелда Кореянинг Incheon International Airport Corporation компанияси ғолиб деб топилди.
Аллақачон 2025 йилнинг ноябрь ойида ICN-Urgench Airport Services лойиҳа компанияси ташкил этилди, 26 декабрда эса Тошкентда Uzbekistan Airports, Урганч аэропорти ва ушбу компания ўртасида ДХШ тўғрисидаги битим имзоланди. 2026 йил 2 март куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги лойиҳа компанияси билан лойиҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битимни имзолади.
Ойбек Маткаримовнинг сўзларига кўра, тендерда саккизта компания иштирок этган. Иштирокчилар йўловчи оқимининг ўсиши, инвестициялар ҳажми, технологиялар ва компания тажрибаси каби мезонлар бўйича баҳоланган.
«ДХШ доирасида хусусий шерик йўловчиларга хизмат кўрсатиш учун терминал қуради. Бундан ташқари, ёрдамчи бинолар, шунингдек, кейтеринг биноси ва карго терминали барпо этилиши режалаштирилган. Давлат томонидан эса — асосий учиш-қўниш йўлаги, руллаш йўлкалари ва перронлар қурилади», — деди Маткаримов.
Лойиҳанинг умумий қиймати 242 млн долларни ташкил этади: шундан 134 млн доллари хусусий шерик объектларига, 108 млн доллари эса давлат объектларига тўғри келади.
Ойбек Маткаримов, шунингдек, нима учун айнан Incheon ва BoMi танланганини тушунтирди.
«Incheon дунёдаги энг кучли ўнта аэропорт қаторига киради. Сўнгги беш йил ичида йўловчи оқими ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш бўйича улар икки марта биринчи ўринни эгаллашди. Уларда жуда катта тажриба бор ва улардан кўп нарсани ўрганса бўлади. Қурувчига келсак — бу BoMi корпорацияси. Агар Tashkent City’ни кўрган бўлсангиз, BoMi у ерда 30 қаватли бино қурган. Бу ишончли қурувчилар, бизнинг фикримиз шундай», — деди аэропорт директори.
Incheon номидан журналистлар олдида кореялик компаниянинг Урганчдаги ДХШ лойиҳаси раҳбари Ю Бённам нутқ сўзлади. У 20 йилдан ортиқ вақт давомида Incheon компаниясида аэропорт объектларидан фойдаланиш соҳасида ишлаб келмоқда ва йирик қурилиш лойиҳаларида иштирок этган.
«Incheon учун фаолиятнинг негизи — бу сервисдир. Биз Ўзбекистоннинг амалдаги аэропортларида сервис ёмон демоқчи эмасмиз. Қарийб 25 йил давомида бизда учиб кетиш ва учиб келишни қулай, шинам ва тезкор қилиш бўйича ўз стандартларимиз ва тажрибамиз тўпланди. Биз ушбу тажрибани Урганчда татбиқ этмоқчимиз», — деди Ю Бённам.
Унинг сўзларига кўра, АКТ, электр таъминоти ва бошқа махсус тизимларни созлаш учун Жанубий Кореядан Incheon ва Samsung мутахассислари жалб этилмоқда. Шу билан бирга, Корея томони маҳаллий кадрларни тайёрлаш билан шуғулланмоқда. Ю Бённам 2029 йилдан бошлаб компания ушбу аэропортни 19 йил давомида бошқаришини таъкидлади. Шу боис Incheon ҳозирдан ходимларни ишга қабул қилмоқда ва аэропортдан фойдаланишда ишлай оладиганларни саралаб олишга ҳаракат қилмоқда.
Ойбек Маткаримовнинг сўзларига кўра, Жанубий Кореядан 30 га яқин мутахассис келган, қолган ишчилар — маҳаллий аҳоли. Ҳозирда қозиқлар қоқилаётган бир пайтда майдончада 100 га яқин киши меҳнат қилмоқда, бироқ ер ишлари вақтида одамлар сони кўпаяди. Аэропорт директорининг фикрича, якунда уларнинг сони 1000 нафардан ошади.
Uzbekistan Airports мулкий муносабатлар бўлими менежери Шерзодбек Саидниёзов бошқарув Incheon ва аэропорт ўртасида қандай тақсимланишини тушунтирди. Шартномага кўра, корейс компаниясига терминал бошқаруви топширилган. У терминал ва ёрдамчи биноларни қуради, шунингдек, йўловчиларга хизмат кўрсатувчи махсус техникани сақлаш ва янгилаш ҳуқуқини олади.
Урганч аэропорти ходимлари аввалгидек ҳаво кемаларини кутиб олиш, уларга хизмат кўрсатиш ва йўловчиларни ҳаво кемасигача кузатиб қўйиш билан шуғулланадилар. Фойдаланиш босқичига ўтишда уч томон ўртасида ўзаро ҳамкорлик батафсил баён этилган регламент тасдиқланади.
Incheon нима учун тендерда иштирок этгани ҳақидаги саволга Ю Бённам асосий сабаб Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиш ва Хива яқинида жойлашган Урганчнинг ўсиш салоҳияти бўлганини айтди.
Шартномада концессия тўловлари кўзда тутилган: хусусий шерик ўз даромадларининг бир қисмини аэропортга ўтказиб туради. Тўловлар дастлабки уч йилда умумий даромаднинг 5 фоизини, 2032—2035 йилларда 16 фоизини ва 2036—2047 йилларда 27 фоизини ташкил этади. 22 йил давомида жами 408,7 млн доллар тушиши кутилмоқда.
Қурилишни 2028 йил охиригача якунлаш режалаштирилган.
Аэропорт 1932 йилда ташкил этилган бўлиб, охирги модернизация 2014 йилда амалга оширилган. У Урганч марказидан 3 км ва Хивадан тахминан 30 км узоқликда жойлашган бўлиб, майдони 294 гектарни ташкил этади.
Учиш-қўниш йўлагининг узунлиги 3000 метрдан 3300 метргача узайтирилади. Қопламаси бетон қилинади. Руллаш йўлкалари сони биттадан тўрттага етказилади, шунингдек, тезкор руллаш йўлкаси ҳам пайдо бўлади. Самолётлар тўхтаб туриш жойлари сони 6 тадан 18 тагача кўпаяди. Ҳозирда аэропорт E классидан юқори бўлмаган самолётларни қабул қилади, қурилишдан кейин эса йўлак, руллаш йўлкалари ва тўхтаб туриш жойлари F классига (масалан, Boeing 747-8, Airbus A380) мўлжалланади.
Ёруғлик-сигнал ускуналари 1997 йилда ишлаб чиқарилган: хизмат муддати 10 йил деб ҳисобланган бўлса-да, у аллақачон 28 йилдан бери ишламоқда. У ИКАО талабларига жавоб берадиган замонавий ускунага алмаштирилади ва CAT-I тоифаси ўрнига CAT-II ўрнатилади. Ойбек Маткаримовнинг сўзларига кўра, ускуналар алмаштирилгандан сўнг самолётлар ҳозирги 750 метр ўрнига 300 метр кўриниш масофасида қўнишни амалга ошириши мумкин бўлади.
Терминал майдони қарийб 39 минг кв. метрни ташкил этади, бу аввалги 9200 кв. метрдан тўрт баробар кўпдир. Терминалнинг ўтказувчанлик қобилияти соатига 300 нафардан 1300 нафар йўловчигача ошади.
Бино уч қаватли бўлади. Биринчи қаватда учиб кетиш ва учиб келиш бўлимлари ажратилади, шунингдек, у ерда багажни қайта ишлаш тизими жойлаштирилади. Иккинчи қаватда VIP-йўловчилар учун лаунж, савдо шохобчалари ва умумий овқатланиш жойлари бўлади. Учинчи қаватда — савдо ҳудудлари, халқаро рейслар учун телетрапли чиқиш йўлаклари, CIP ва бизнес-заллар, оилавий заллар ва болалар хоналари жойлашади. Терминалда онлайн рўйхатдан ўтиш ва багажни мустақил топшириш тизимлари жорий этилади.
Архитектура концепциясида Хоразм меъморчилиги ва нақшлари элементлари кўзда тутилган. Бинонинг асосини катта шишабанд фасадлар, баланд ички кенгликлар ва табиий ёруғлик ташкил этади.
Шерзодбек Саидниёзов тақдим этилган визуализациялар тахминий хусусиятга эга эканини, интерьернинг якуний концепцияси ҳали тасдиқланмаганини таъкидлади.
«„Параллел лойиҳалаш“ деган тушунча бор, биз шу асосда ишлаяпмиз. Бу иш жараёнида тузатишлар киритилишини англатади. Агар аввал лойиҳани тугатиб, кейин ишни бошласак, лойиҳа янада чўзилиб кетади», — деб тушунтирди аэропорт директори.
2028 йил охиригача, шунингдек, юк комплекси, тахминан 1000 ўринли автотураргоҳ, кейтеринг объектлари ва махсус транспорт воситалари учун комплекс қуриш режалаштирилган. Лойиҳада, шунингдек, майдони 1000 кв. метрдан ортиқ бўлган техник хизмат кўрсатиш маркази, қор тозалаш техникаси учун қарийб 900 кв. метрлик иситиладиган гараж ва махсус транспорт учун автоювиш шохобчаси кўзда тутилган. Терминал олдида янги кириш йўллари ва пиёдалар ҳудудлари бўлган тахминан 20 минг квадрат метрлик майдон барпо этилади.
Янги терминал темир йўл вокзали билан тўғридан-тўғри боғланади. Урганч аэропортидан Хивагача бўлган масофа электр поездида 47 дақиқани ташкил этади.
2026 йилнинг саккиз ойида Урганч аэропорти 800 минг йўловчига хизмат кўрсатди, ҳозирда унинг йиллик ўтказувчанлик қобилияти 1,2 миллионни ташкил этади. Прогнозларга кўра, 2047 йилга бориб йўловчи оқими 3,4 миллионга етади. Юк айланмаси 2025 йилдаги 196 тоннадан 2047 йилда 1152 тоннагача ошади.

