Украинанинг қурол харидлари ЕИда келишмовчиликка сабаб бўлди
Франсия Украинага Европа Иттифоқи томонидан ажратилган 90 млрд евролик кредит маблағларининг ЕИдан ташқарида ишлаб чиқарилган қурол-яроғ ва ҳарбий компонентларни харид қилишга сарфланишидан норози. Париж Европа комиссиясидан Киевнинг ушбу маблағлардан қандай фойдаланаётгани устидан назоратни кучайтиришни талаб қилмоқда.

Украинанинг қурол-яроғ харидлари Европа Иттифоқида келишмовчиликларга сабаб бўлмоқда, чунки Франсия Киевга ажратилган кредит маблағлари имкон қадар Европа мудофаа саноати буюртмаларига йўналтирилишини талаб қилмоқда, дея хабар беради Эуроневс.
Европа Иттифоқи томонидан Украинага маъқулланган 90 миллиард евролик кредит, жумладан, мамлакатнинг мудофаа қобилиятини қўллаб-қувватлаш ва қурол-яроғ харидларини молиялаштиришга мўлжалланган. Кредит шартларига кўра, мудофаа маҳсулотларини харид қилиш учун ажратилган маблағларнинг камида 65 фоизи европалик етказиб берувчилар маҳсулотларига сарфланиши керак.
Бироқ, Украина учун истисно механизми ҳам мавжуд. Агар Европа Иттифоқида ишлаб чиқарилган қурол жуда қиммат бўлса, Украина эҳтиёжларига жавоб бермаса ёки зарур миқдордаги маҳсулотни белгиланган муддатда етказиб бериш имкони бўлмаса, Киев учинчи давлатлардаги ишлаб чиқарувчиларга мурожаат қилиши мумкин.
Украина ҳукумати бу имкониятдан ҳозиргача камида икки ҳолатда фойдаланган: Хитойда ишлаб чиқарилган учувчисиз учиш аппаратлари учун компонентларни харид қилиш ва АҚШда ишлаб чиқариладиган Патриот ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар сотиб олиш. Европа Комиссияси ҳозирги шароитда Европа Иттифоқи ушбу йўналишларда Украинанинг эҳтиёжларини тўлиқ таъминлай олмаслигини тан олган ва ҳар икки ҳолатда ҳам учинчи давлатлардан харид қилишга рухсат берган.
Франсия эса бундай истиснолар доимий амалиётга айланиб қолишини истамаяпти. Париж Европа Комиссияси томонидан бериладиган бундай рухсатлар вақтинчалик бўлиши кераклигини таъкидламоқда.
Франсия Европадаги энг йирик мудофаа саноатларидан бирига эга. Мамлакат Италия билан ҳамкорликда САМП-Т зенит-ракета мажмуасини ишлаб чиқаради. МАМБА номи билан ҳам танилган ушбу тизим АҚШнинг Патриот мажмуасига энг яқин Европа муқобилларидан бири ҳисобланади ва баллистик ракеталарни уриб тушириш имкониятига эга. Украина учун бундай тизимлар ва уларга мўлжалланган ракеталар таъминоти айниқса муҳим бўлиб қолмоқда.
Бироқ, Европа ҳозирча САМП-Т тизимларини Украина талаб қилаётган ҳажмда ишлаб чиқара олмаяпти. Реутерс аввалроқ мажмуалар нисбатан кам миқдорда ишлаб чиқарилаётгани сабабли мавжуд таклиф Киев эҳтиёжини қондира олмаслигини хабар қилган.

