Сиёсат

Зеленский: Украина ЕИдан 30 млрд евро кутмоқда

Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат Мудофаа вазирлиги бюджети тақчиллиги 27 млрд долларга етганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Киев мудофаа харажатларини молиялаштириш учун Европа Иттифоқининг икки йилга мўлжалланган 90 млрд евролик кредити доирасида 30 млрд евро ажратилишини кутмоқда.

Зеленский: Украина Европа Иттифоқидан 30 миллиард евро кутмоқда

Украина Президенти Володимир Зеленский мамлакат дуч келаётган иккита асосий муаммо сифатида Россиянинг баллистик ракета ҳужумларини ва мудофаани молиялаштириш масаласини кўрсатди.

Зеленский бу баёнотни 23-август куни Дания, Латвия, Литва, Норвегия, Финляндия ва Эстония раҳбарлари Киевга ташриф буюрган пайтда қилди.

Украина раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакат Европа Иттифоқидан 30 миллиард евро миқдоридаги маблағ келишини кутмоқда. Бу маблағ Европа Иттифоқи томонидан икки йилга мўлжалланган 90 миллиард евролик кредит дастури доирасида ажратилиши режалаштирилган.

Зеленский маблағларнинг ажратилиши тегишли қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши билан боғлиқлигини таъкидлади. Шу сабабли у Украина парламентини, жумладан мухолифат вакилларини ҳам зарур қарорларни қабул қилишда фаол иштирок этишга чақирди.

"Бу 30 миллиард ҳукуматда ҳам, мухолифатда ҳам йўқ. Аммо бу маблағ бутун мамлакат мудофааси учун зарур", - деди Украина Президенти.

Зеленскийнинг маълум қилишича, Украина Мудофаа вазирлиги бюджети тақчиллиги ҳозирда 27 миллиард долларни ташкил этмоқда, бу 23,1 миллиард евродан ортиқ маблағга тенг.

Унинг айтишича, тақчилликка, жумладан, йилнинг биринчи ярмида режалаштирилганидан кўпроқ маблағ сарфлангани ҳам сабаб бўлган.

Президент ҳисоб-китобларига кўра, Украина армиясини 2027-йил январ ойига қадар тайёрлаш учун 8-10 миллиард доллар зарур. Яна қарийб 20 миллиард доллар ҳарбий хизматчиларга маош тўлаш, ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оилаларига тўловларни амалга ошириш ва бошқа мудофаа харажатларини қоплаш учун керак бўлади.

Зеленский ушбу масала бўйича Франсия ва Германия билан музокаралар олиб бораётганини билдирди. Унинг таъкидлашича, Украина учун аввалдан кўзда тутилган Европа маблағларининг иккинчи қисмини ажратишни тезлаштириш талаб этилмоқда.

Зеленскийнинг баёноти "Шимолий-Болтиқ саккизлиги" (НБ8) форматига кирувчи олти давлат - Дания, Латвия, Литва, Норвегия, Финляндия ва Эстония раҳбарларининг Киевга ташрифи билан бир кунга тўғри келди.

Ташриф Украина Мустақиллик куни - 24-август арафасида амалга оширилмоқда.

Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиханинг сўзларига кўра, Европа давлатлари раҳбарлари Зеленский билан икки томонлама ва кўп томонлама музокаралар ўтказади. У учрашувлар якунлари бўйича "муҳим қарорлар қабул қилиниши ва муҳим баёнотлар берилиши"ни маълум қилди.

Шу билан бирга, Норвегия бош вазири Ёнас Гар Стёре ҳукумати мамлакат парламентига 2027-йилда Украина учун 85 миллиард Норвегия кронаси - қарийб 8 миллиард евро ажратиш таклифини киритишини билдирди. Осло 2026-йилда ҳам Киевга худди шунча миқдорда маблағ ажратган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.