Европа Иттифоқи Украина мудофааси учун яна 6,1 млрд евро ажратди

Европа Иттифоқи Украинанинг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида яна 6,1 миллиард евро миқдорида маблағ ажратишга розилик берди.
Еврокомиссия томонидан 24-август куни тасдиқланган ушбу маблағлар ҳаво мудофааси тизимлари, ракеталар, ўқ-дорилар ва радарлар каби янги мудофаа воситаларини сотиб олишга йўналтирилади.
Бу янги пакет аввалроқ маъқулланган 16 миллиард евролик харид режасига қўшимча ҳисобланади. Шу кунгача ушбу маблағларнинг 8,35 миллиард евроси Украинага етказилган.
Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляеннинг таъкидлашича, Россия ҳужумларини кучайтираётган бир пайтда Европа Украинага ўз ҳудуди ва аҳолисини ҳимоя қилишда ёрдам беришда давом этади.
Аввалроқ Украина ташқи ишлар вазири Андрий Сибига Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан буён Германия Киевга 65 миллиард евродан ортиқ ёрдам кўрсатганини маълум қилган эди.
Унинг сўзларига кўра, Берлин Украинанинг хавфсизлиги, мудофаа саноатини ривожлантириш ва урушдан кейинги тикланиш жараёнидаги энг йирик ҳамкорлардан бири бўлиб қолмоқда.
Сибига, шунингдек, Германия Украина ҳудудида мудофаа соҳасига ихтисослашган қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйган биринчи давлат эканлигини ҳам қайд этган.

