Украина, НАТО ва сунъий интеллект: Путиннинг «Валдай»даги асосий баёнотлари
Россия президенти Владимир Путин «Валдай» халқаро мунозара клубининг ялпи сессиясида нутқ сўзлаб, Украина ва НАТО ҳақидаги саволларга жавоб берди, совет ҳокимиятининг хатоларини санаб ўтди ва халқаро муҳитнинг кескинлашуви ҳақида огоҳлантирди.

Украина, НАТО ва сунъий интеллект: Путиннинг «Валдай»даги асосий баёнотлари
Россия президенти Владимир Путин 1-октабр куни «Россия» миллий марказида «Валдай» халқаро мунозара клубининг ялпи сессиясида чиқиш қилди.
У халқаро вазиятнинг кескинлашуви ҳамда сунъий интеллект ривожланишидан келиб чиқадиган хавфлар ҳақида огоҳлантирди, НАТОга юборилган хатларнинг мазмунини изоҳлади ва қуролли қарама-қаршилик қоидалари масаласини кўтаришга чақирди.
Путин нутқини «кўпгина эски ҳуқуқ нормалари бекор қилинган, янгилари эса ҳали пайдо бўлмаган» шароитда глобал тинчлик ва хавфсизликни сақлашга чақириқ билан бошлади. Унинг айтишича, ўзгаришлар барча йўналишларда, жумладан технологиялар, жамиятнинг ижтимоий тузилиши, ҳарбий соҳа, умумий рақамлаштириш ва иқтисодиётда юз бермоқда.
«Эртами-кечми халқаро вазият ва тизим қандайдир барқарор мувозанат ҳолатига келади. Албатта, бу мураккаб, кўп омилли, кўп қатламли жараён бўлиб, ўзаро муроса ва бир-бирига қараб ҳаракат этишни талаб қилади. Бироқ, дунёда қандай ссенарий амалга ошмасин, халқаро можароларнинг давом этиши эҳтимоли юқори. Хусусан, юз бераётган туб ўзгаришлар ва бу борада очилаётган имкониятлар йирик бўлиб туюлган ютуқ учун таваккал қилишга тайёрликни ва амбицияларни рағбатлантираётгани, озиқлантираётгани сабабли ҳам шундай. Бу баҳода янглишишни истардим, аммо бугунги куннинг барқарор тенденсиялари, афсуски, айнан шундай» - деди у.
Путиннинг сўзларига кўра, Россия онгли равишда «қўлида қурол билан ўзини ҳимоя қилишга» ва «тажовузга жавоб беришга» мажбур бўлган вазиятга қўйилган.
«Биламан, албатта, экспертлар ҳамжамиятининг бир қисмида савол туғилади: мана, Россия тинчлик ҳақида гапиради, ўзи эса урушни бошлади. Хўш, мен бу ҳақда кўп марта гапирганман, ҳар ҳолда бундай йиғилишда яна бир марта айтаман: ҳақиқат қаерда? Ҳақиқат шундаки, биз урушни хоҳламадик ва биз урушни бошламадик, балки биз билан урушни бошладилар» - деди у.
«Куч бор - ақл керак эмас» тамойили баъзи жаҳон ўйинчилари учун устувордек кўринади, аммо бу ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди.

