Россия НАТО давлатларига гибрид услубида дрон ва ракета учиришни режалаштирмоқда — Полша бош вазири

Россия НАТО давлатларига дрон ва ракеталарни гибрид усулда учиришни режалаштирмоқда — Полша бош вазири
Россия Украинани қўллаб-қувватлаётган НАТО давлатларига қарши “гибрид услубида” дрон ва ракета зарбалари беришни режалаштирмоқда.
“Кремлнинг асосий мақсади, махсус хизматлар томонидан тўпланган далиллар билан тасдиқланганидек, Украина иқтисодиёти ва логистикасини йўқ қилиш, НАТОга аъзо давлатларга ҳужум қилиш орқали унинг қатъиятини заифлаштиришдан иборат”, деди Туск.
У буни “энг эҳтимолий ссенарий” деб атади. Украинага ёрдам етказишда муҳим транзит давлат ҳисобланган Полшада сўнгги пайтларда бир қатор ҳодисалар юз берди. Жумладан, сув таъминоти тизимлари, энергетика инфратузилмаси ва шифохоналарга қарши бир нечта киберҳужумлар амалга оширилди. Киевдан Варшавага йўл олган поездга дрон ҳужуми уюштирилди. Россия ракетаси июл ойи охирида Полшанинг шарқий қисмига қулаб тушди.
“НАТОнинг шарқий қанотидги бир ёки бир нечта давлатлар ҳудудига дронлар ёки бошқа турдаги ракеталар учиб кириши, ҳатто вайронагарчиликлар келтириб чиқариши хавфи мавжуд”, деди Туск.
Полша бош вазирига кўра, эҳтимолий ҳужумдан сўнг Россиянинг расмий баёноти “бу ҳодиса тасодиф бўлганини ва НАТО қандайдир жавоб чораларини кўришига ҳеч қандай сабаб йўқлигини” таъкидлашдан иборат бўлади.
Тускнинг баёнотлари Украинага ташриф буюришидан бир неча соат олдин янграган. Бу Россия яқинда Украинага, жумладан, Полша чегарасига яқин ҳудудлардаги нишонларга қарши ҳужумларни кучайтирган бир пайтга тўғри келмоқда. 15-сентябр куни эса НАТО ҳарбий самолётлари Литва осмонида Россияга тегишли дронни уриб туширди.
“Украинанинг олтита йирик шаҳрига узоқ давом этадиган, тез-тез ва кучли ҳужумлар уюштирилиши кутилмоқда. Ҳужумлар давомида омборлар, мамлакат мудофааси учун зарур бўлган барча турдаги маҳсулотлар ҳамда сўнгги ҳафталарда яққол гувоҳи бўлганимиздек, темирйўл инфратузилмаси вайрон қилиниши мумкин”, деди Полша бош вазири.

