Украина элчиси Туркия ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди
Аввалроқ Қора денгизда Туркия кемаларига ҳужум қилинганди.

Украинанинг Анқарадаги элчиси Наримон Жалол Туркия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Бу чақирувга Қора денгизда Туркия кемаси ва унга ёрдамга келган бошқа бир кемага қилинган ҳужум сабаб бўлди.
Хабарларга кўра, 26-27-август кунлари Туапсе қирғоғи яқинида "Лидер Бордо Мави" ва "Лидер Косатепе" кемаларига ҳужум уюштирилган.
Вазирлик вакилининг сўзларига кўра, учрашувда Туркиянинг ушбу ҳужумларга нисбатан позицияси баён этилган. Шунингдек, Қора денгизда инсонлар, мол-мулк, кемалар ҳаракати ва атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлаш зарурлиги ҳақида огоҳлантиришлар берилган.
26-августга ўтар кечаси Туапсе соҳилида дронлар "Лидер Бордо Мави" номли турк юк кемасига ҳужум қилган. Ҳабер Трабзон нашрининг маълумотларига кўра, кема бортида ёнғин келиб чиққан ва экипажнинг беш нафар аъзоси жароҳатланган.

