Дунё

Украина дронлари Россия бўйлаб ҳужум уюштирди. Қурбонлар бор

Украина дронлари Россия ҳудудларига ҳужум қилди. Қурбонлар бор

26-сентябрга ўтар кечаси Украина дронлари Россиянинг Ростов вилояти ва Краснодар ўлкасига зарба берди.

Ростов вилояти раҳбари Юрий Слюсарнинг айтишича, ҳудуд устида жами 30 та дрон уриб туширилган, ҳужум натижасида саноат обьектлари ва турар жой бинолари шикастланган.

Дронлар Ростов-Дон, Каменск-Шахтинский, Новошахтинск, Таганрог ва Азов шаҳарлари, шунингдек, Азов, Мясников ва Неклинов туманларида қайд этилган.

Азов шаҳрида кўп қаватли ва хусусий уйлар, саноат обьектлари, мактаб, маданият саройи ҳамда автомобиллар зарар кўрган. Тўрт киши жароҳатланган. Слюсар воқеанинг бошқа тафсилотларини очиқламади.

Украинанинг мониторинг каналлари ёзишича, зарбалар нишони мудофаа саноати учун маҳсулот ишлаб чиқарадиган Азов оптик-механика заводи бўлиши мумкин.

Краснодар ўлкасида эса Украина дронлари ҳужуми оқибатида Северский туманидаги иккита корхонада ёнғин чиққан. Бу ҳақда ҳудуд раҳбари Вениамин Кондратьев маълум қилди.

“Афсуски, ҳалок бўлганлар бор, — деб ёзди у ижтимоий тармоқларда. Кондратьев қурбонлар сони ва ҳодисанинг бошқа тафсилотларини келтирмади. Кейинчалик оператив штаб уч киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда дрон ҳужумидан кейин Краснодардаги Илский нефтни қайта ишлаш заводидан олов кўтарилаётгани акс этган суратлар тарқалди.

25-сентябр куни Россия Киевнинг Соломянский туманидаги офис биносига дрон билан зарба берганди. Ҳужумда камида беш киши, жумладан бир ўсмир ҳалок бўлган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.