Ростов ва Ярославлга оммавий дрон ҳужумлари уюштирилди
17-сентабрга ўтар кечаси Россиянинг Ростов ва Ярославл вилоятларига дронлар ҳужум қилди. ОСИНТ таҳлиллари ва мониторинг каналларига кўра, Ростов-Дондаги ҳарбий аеродром ҳудудида ёнғин чиққан. Ярославлда эса «Славнефт-ЯНОС» нефтни қайта ишлаш заводи шикастланганини маҳаллий губернатор тасдиқлади. Россия расмийлари ҳужумлар оқибатида жабрланганлар йўқлигини билдирди.

Ростов ва Ярославлга оммавий дрон ҳужумлари уюштирилди
17-сентабрга ўтар кечаси Россиянинг Ростов-Дон шаҳри оммавий дрон ҳужумига дуч келди. Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсарнинг айтишича, ҳужум оқибатлари ерда ҳам қайд этилган ва ёнғин чиққан, кейинроқ у тезда ўчирилган.
Губернатор берган маълумотга кўра, жабрланганлар йўқ.
Трансформатор подстансиясига етган зарар сабаб Ростов-Доннинг Ворошилов, Ленин, Октабр ва Киров туманларида электр таъминотида узилишлар юзага келган.
Олтита хусусий уйнинг деразалари, томи ва ойналари, шунингдек, хўжалик бинолари шикастланган. Ростов ҳамда Мясниковский туманида турли жойлардан дрон парчалари топилган.
Слюсарнинг билдиришича, тун давомида Ростов вилояти ҳудудида 50 дан ортиқ дрон уриб туширилган. Улар Ростов, Батайск, Каменск-Шахтинский, Таганрог ва вилоятнинг ўнта туманида қайд этилган.
Астра нашри ОСИНТ таҳлилига таянган ҳолда, Ростов-Дондаги «Ростов-на-Дону - Сентралнйй» ҳарбий аеродроми ҳудудида ёнғин чиққанини хабар қилди.
Очиқ манбалар асосидаги таҳлилга кўра, ёнғин ҳарбий самолётлар ва вертолётлар жойлашган майдон атрофида юз берган бўлиши мумкин.
Украинанинг Эхиленова+ мониторинг канали ҳам Украина дронлари ҳарбий аеродромга зарба бергани ва унинг ҳудудида катта ёнғин чиққанини даъво қилди. Каналга кўра, авиация ва ҳарбий база инфратузилмаси зарба остида қолган.
Бироқ бу маълумотлар Россия расмийлари томонидан тасдиқланмаган. Ростов вилояти губернатори ҳужумнинг аниқ нишонлари ҳақида маълумот бермаган.
Худди шу кеча Ярославл шаҳри ҳам дронлар ҳужумига учради. Телеграм каналлари ҳужумнинг асосий нишонларидан бири «Славнефт-ЯНОС» нефтни қайта ишлаш заводи бўлганини хабар қилди.
Корхона Россиядаги бешта энг йирик нефтни қайта ишлаш заводи қаторига киради ва мамлакат шимолидаги энг йирик НҚЗ сифатида қайд этилади.
Завод автомобил бензини, Евро-5 стандартидаги дизел ёнилғиси, авиация керосини ва реактив двигателлар учун ёқилғи ишлаб чиқаради.

