Украина денгиз дронлари Сочи соҳилига ҳужум қилди, 30 га яқин киши яраланган
Бу вақтда соҳилда консерт бўлаётганди.

Украина денгиз дронлари Сочи қирғоғига зарба берди, қарийб 30 киши жароҳат олди
9-сентабр куни кечқурун Сочининг соҳил зонасига Украина денгиз дронлари ҳужум қилди (РФ мудофаа вазирлиги уларни «экипажсиз катерлар» деб атаган). Краснодар ўлкаси оператив штабининг хабар беришича, бунинг оқибатида 28 киши, жумладан, икки бола жароҳатланган. Жароҳат олганларнинг барчасига тиббий ёрдам кўрсатилган, катта ёшли уч киши ва бир бола шифохонада қолмоқда.
Ҳужум ҳақида маҳаллий вақт билан соат 9 лар атрофида маълум бўлди. Айнан шу пайтда соҳилда жойлашган «Фестивалний» маданият саройида қўшиқчи Татяна Буланованинг консерти бўлиб ўтаётганди. Тадбир тўхтатилди, томошабинлар эвакуация қилинди.
«Турмуш ўртоғим консертда эди. Эвакуация эълон қилинганида одамлар йиқилиб, ваҳимага тушиб қочишни бошлаган. Атрофда портлаш овозлари эшитиларди. У машинага югураётиб йиқилган. Уни зарба тўлқини йиқитган. Ҳар бир портлашдан кейин зарба тўлқини сезилган. Портлашлар жуда яқин жойда рўй берган», – дейди воқеа ҳақида маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.
Дам олувчилар аввалига бунга унча эътибор бермаган ва фақат портлашлардан кейин ҳар томонга югура бошлаган.
«Портлашлар жуда яқин рўй бераётганидагина ҳамма югура бошлади. Дастлаб ҳамма қараб турди, чунки Сочи учун бу одатий ҳолат. Аммо биздан 300 метр нарида портлаш бўлди – ва шундагина ҳамма қочишни бошлади. Ақл бовар қилмас хаос юзага келди. Ҳамма бақирар, болалар йиғларди. Ҳамма чопиб борар, атрофда портлашлар бўларди. Қаерга кетаётганимизни билмасдан югурардик, чунки ҳеч қаерда бомбапанагоҳ йўқ эди. Амаллаб ерости ўтиш жойигача етиб бордик», – дея ҳикоя қилади гувоҳлардан бири.
Ҳужумдан сўнг соҳилда ёнғин чиққан, бироқ маҳаллий расмийлар шикастланиш жиддий эмаслигини билдирган. «Ойналар ва фасад элементларини тиклаш зарур. Ишончим комилки, биз буни тезда уддалаймиз», – деб ёзди шаҳар мери Андрей Прошунин телеграм-каналида. У, шунингдек, ҳужум оқибатлари тўлиқ бартараф этилмагунча пляжлар ташриф буюрувчилар учун ёпиқ қолишини маълум қилди. «Сочининг қолган қисмида вазият барқарор», – дея қўшимча қилди Прошунин.

