Украина дронлари яна Саратовни нишонга олди: 2 киши ҳалок бўлди (видео)

Украина дронлари Россиянинг Саратов вилоятига 2-августга ўтар кечаси яна бир ҳужум уюштирди, натижада икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Интерфах” хабар берди.
Саратов вилояти губернатори Роман Бусаргиннинг маълум қилишича, Украина дронлари ҳужуми ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг жавоб ҳаракатлари оқибатида икки киши ҳаётдан кўз юмган. У, шунингдек, Саратов ва Энгелс шаҳарларидаги фуқаролик инфратузилмасига зарар етганини тасдиқлади.
Россия Мудофаа вазирлиги ҳужум тафсилотлари ёки нишонга олинган обьектлар ҳақида ҳозирча батафсил маълумот бермади. Украина томони эса зарба яна Саратов нефтни қайта ишлаш заводига берилганини иддао қилди.
Тармоқда тарқалган видеоларда шаҳарнинг икки нуқтасида ёнғин ва осмонга кўтарилган тутун кўринади. Шунингдек, тўққиз қаватли турар жой биносидаги ёнғин акс этган яна бир видео тарқалган. Тахмин қилинишича, ёнғинга уриб туширилган дроннинг қолдиқлари сабаб бўлган.
“Астра” нашри видеолар геолокациясини таҳлил қилиб, ёнғин айнан Саратов нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудида содир бўлганини маълум қилди.
Мазкур завод уруш давомида Украина дронлари ҳужумига бир неча бор учраган. Сўнгги шундай ҳужум июл ойи бошида қайд этилганди.
Саратовнинг рўпарасида, Волга дарёсининг нариги соҳилида жойлашган Энгелс шаҳрида эса Россиянинг стратегик бомбардимончи самолётлари жойлашган ҳарбий авиабаза мавжуд.
Аввалроқ Украина АҚШ ва Франсия ёрдамида Россия нефт заводларига зарба бергани ҳақида хабар берилганди. Мамлакатлар Киевга Россия ҳаво мудофааси тизимлари қаерда жойлашганини аниқлашда ёрдам берувчи разведка маълумотларини тақдим этган. Украиналик мулозимларга кўра, бу маълумотлар дронларга ҳаво мудофаасини айланиб ўтиб, нефтни қайта ишлаш заводларига зарба беришга имкон яратган.

