Дунё

Удомляда балиқ овлаш бўйича IV Халқаро турнир. Мамлакатларни яқинлаштирадиган балиқ ови

Сентябрьнинг охирги кунларида Тверь вилоятининг Удомля муниципал округида жойлашган Удомля кўлида «Росатом» давлат корпорацияси томонидан ташкил этилган балиқ овлаш бўйича IV Халқаро турнир бўлиб ўтди. Бу каби турнирлар минтақамиз учун камёб ҳодиса бўлиб, турли мамлакатлардан келган ҳаваскор спортчиларнинг ҳис-туйғулари ва кайфиятини, уларнинг мусобақалашиш руҳини ўз кўзи билан кўриш ва ҳис қилиш қизиқарли эди. Ва, албатта, ҳеч иккиланмай қабул қилдим […]

**Удомлядаги IV Халқаро балиқ овлаш турнири. Мамлакатларни яқинлаштирадиган балиқ ови**

Сентябрь ойининг охирги кунларида Тверь вилоятининг Удомля муниципал округида жойлашган Удомля кўлида «Росатом» давлат корпорацияси томонидан ташкил этилган IV Халқаро балиқ овлаш турнири бўлиб ўтди.

Минтақамиз учун бу каби турнирлар жуда камёб ҳодиса, шу сабабли ҳаммасини ўз кўзимиз билан кўриш ҳамда турли мамлакатлардан келган ҳаваскор спортчиларнинг ҳис-туйғулари ва кайфиятини, уларнинг мусобақалашиш руҳини ҳис қилиш айниқса қизиқарли бўлди. Иккиланишга ўрин қолмади — балиқчилар мусобақасига таклифнома дарҳол қабул қилинди.

Балиқчилик бўйича катта мутахассис эмасмиз, шунинг учун турнирнинг барча нозик жиҳатларини, таъбир жоиз бўлса, биринчи манбадан билишга ҳаракат қилдик. Бизга тушунтиришганидек, бу турнир спорт балиқчилиги бўйича мусобақалардан сезиларли даражада фарқ қилади. Спорт балиқчилигида 1, 2 ва 3-ўринлар аниқланиб, турнир даражасига қараб медаллар, дипломлар ва совринлар, жумладан пул мукофотлари топширилса, «Росатом» шафелигидаги турнирларда бу нарса йўқ.

Бу ерда шунчаки «Энг катта балиқ», «Энг катта ўлжа» ва «Ғалабага бўлган ирода учун» номинациялари бўйича ғолиб жамоа аниқланади. Уларни бир нарса бирлаштиради: балиқ тортиб кўрилгач ва ўлчаб олингач, албатта сувга қайтариб юборилади.

Бундай формат янада демократик кўринади. Бу ерда совринли ўринларга қатъий бўлиниш йўқ — ҳар бир жамоа муайян ютуғи учун ўз номинациясида эътироф этилиши мумкин. Натижада, эътибор фақат ғолибга эмас, балки ҳар бир жамоанинг қўшган ҳиссаси ва натижасига ҳам қаратилади.

Эҳтимол, турнирдаги қатъий рақобатсиз, ишончли ва дўстона муҳитнинг боиси шундадир ва бу оқибатда мамлакатлар ўртасидаги яқинлашув ҳамда ўзаро тушунишга хизмат қилади. Қолаверса, турнир рекордлар ортидан қувишдан кўра, кўпроқ маърифий характерга эга.

Бу жиҳатни «Росатом Международная сеть» хусусий муассасасининг коммуникациялар бўйича бош директори ўринбосари Александра Юстус турнир иштирокчиларига қилган мурожаатида айниқса алоҳида таъкидлади: «Халқаро балиқ овлаш турнири “Росатом”нинг атом энергетикасининг экологик тозалигини намойиш этишга имкон берувчи байроқдор маърифий тадбирларидан бирига айланиб бўлди. Хорижлик меҳмонлар атом электр станциялари атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, балки минтақа ривожланишининг драйверига айланишига ишонч ҳосил қилишлари мумкин. Бу каби тадбирлар, шунингдек, “Росатом”нинг очиқлигини намойиш этади ва ўз атом лойиҳаларини амалга оширишни бошлаётган мамлакатлар аҳолиси билан ишончли мулоқот ўрнатишга ёрдам беради».

### «Росатом» шафелигидаги халқаро балиқ овлаш турнирининг моҳияти нимада?

Бевасита турнирнинг ўзига ўтишдан олдин бу мусобақаларнинг пайдо бўлиш тарихини эслаб ўтиш жоиз. Турнир ғояси Бангладешда атом электр станцияси қурилиши пайтида юзага келган бўлиб, у ерда асосан балиқчилик эвазига кун кўрадиган маҳаллий аҳоли АЭС атроф-муҳитга зарар етказади деб хавотирга тушган. Балиқларга зарар етиши мумкин, оилани эса боқиш керак.

Ҳеч қандай тушунча ва маълумотга эга бўлмаган одамлар АЭС қурилишига қарши плакатлар ва шиорлар билан пикетга чиқишди. Бундай шароитда атом станцияси балиқлар учун мутлақо хавфсиз эканини тушунтириш бефойда эди, чунки одамлар кимга ишонишни билишмасди.

Ўшанда балиқчилар жамоатчилиги вакилларини самолётга ўтқазиб, энг яқин ишлаб турган атом станциясига олиб боришга қарор қилинди. Ўша пайтда бу Хитойдаги атом станцияси эди. Улар келиб, маҳаллий балиқчилар жуда яхши балиқ тутаётганини кўришди. Ҳатто балиқ кўпайган эди.

Атом станцияси ишлаб тургани сабабли бутун инфратузилма ривожланмоқда, мос равишда минтақадаги иқтисодий вазият ўзгарган: ресторанлар, қаҳвахоналар ва бошқа савдо ҳамда умумий овқатланиш шохобчалари тармоғи кенгайган, балиқни сотиш ва ўтказиш имконияти пайдо бўлган.

Улар маҳаллий балиқчилар билан мулоқот қилишди ва улар: «Ие, қўйсангизчи, бизда атом станцияси пайдо бўлганидан фақат хурсандмиз», дейишди. шундан сўнг улар уйга қайтиб: «Биз у ерга бордик, ўз кўзимиз билан ҳаммасини кўрдик ва бизда ҳам шундай бўлади, биз аксинча, атом станциясини фақат қўллаб-қувватлаймиз», дейишди.

Шу муносабат билан, балиқчилар келиб шахсан ишонч ҳосил қилишлари учун — ана атом станцияси турибди, ана сув ҳавзаси ва бу ерда балиқлар жуда яхши яшамоқда, улар кўп, ҳаммаси соғлом — «Росатом» атом станциясини қургани, қураётгани ёки қуришни режалаштираётган мамлакатлар вакиллари иштирокида мунтазам равишда шундай халқаро балиқ овлаш турнирларини ташкил этиш ғояси пайдо бўлди. Турнирнинг асосий маърифий ғояси ҳам шундан иборат.

### Энди турнир ҳақида

Стартга 22 нафар ҳаваскор балиқчи чиқди, уларга «Росатом»нинг атом энергетикаси соҳасида лойиҳаларни амалга ошираётган ёки режалаштираётган 11 та ҳамкор мамлакатидан 28 нафар журналист, шунингдек, экспертлар ҳамжамияти вакиллари қўшилди: Бангладеш, Беларусь, Венгрия, Вьетнам, Миср, Ҳиндистон, Индонезия, Малайзия, Туркия, Ўзбекистон ва ЖАР.

Ташкилотчилар турнир иштирокчилари учун қулай шароитлар ҳақида қайғуришди. Кўл бўйида шийпон ўрнатилди, у ерда қаҳва ёки чой билан исиниш, иссиқ овқат билан тамадди қилиш, шунингдек, табиат қўйнидаги тадбирларда айниқса муҳим бўлган иссиқ ва қулай биоҳожатхонадан фойдаланиш мумкин эди. Генератор ишлаб турди ва журналистларда аппаратура ҳамда телефонларни қувватлашда муаммолар юзага келмади.

Турнирнинг биринчи куни машғулот куни бўлди. Эрталабдан жамоалар кўл, балиқ овлаш шароитлари билан танишиш, шунингдек, у ёки бу балиқ учун қайси хўрак ва қармоқлардан фойдаланишни тушуниб олиш учун қайиқларда сувга чиқишди.

Маҳаллий балиқчилар гид-капитан ролида чиқиш қилиб, кучли моторли қайиқларда бириктирилган жамоаларни фақат ўзларига маълум бўлган балиқли жойларга олиб боришди. Турнир шартларига кўра, фақат тўрт турдаги балиқ ҳисобга олинди: лаққа, чўртанбалиқ, олабуға ва судак. Хорижлик балиқчилар машғулотда айнан мана шу балиқ турлари ва уларни овлаш техникаси билан танишишлари керак эди.

Ниҳоят, балиқчиларнинг барча жамоалари очиқ сувга чиқиб, қалин туманда кўздан ғойиб бўлишди, журналистлар эса қирғоқда уларга ҳам кўлга чиқишга рухсат бериладиган сигнални кутиб қолишди.

Ҳаво салқин эди, иштирокчиларнинг аксарияти иссиқ мамлакатлардан келишганди, аммо ташкилотчилар буни ҳам назарда тутиб, ҳаммани шамолдан ҳимоя қилувчи ва сув ўтказмайдиган кийимлар билан таъминлашган эди.

Кўлга чиқишга рухсат берувчи сигнал чалинди ва турли мамлакатлар журналистлари ўз жамоаларини қидиришга жўнаб кетишди. Тўғри, маълум бўлишича, қайиқлар навигация ускуналари билан жиҳозланганига қарамай, қалин туманда буни қилиш осон бўлмади.

Ўзбекистонлик журналистлар вьетнамлик ҳамкасблари билан бир даврада бўлиб қолишди ва шундай бўлдики, вьетнамлик балиқчилар нисбатан тез топилди. Ўзбекистонлик журналистларнинг бахти чоп этмади: ўз балиқчиларини топишнинг иложи бўлмади, улар билан алоқа йўқ эди, шекилли, улар жуда узоққа кетиб қолишганди.

Ажратилган вақт тугади ва экипажимиз базага қайтди. Бироқ, ҳакамлар ҳайъати хафа бўлган юзларимизни кўриб, ён берди ва машғулот тугашигача яна бир бор кўлга чиқиш имкониятини берди ва шундагина биз уларни топиб, камерага муҳрлашга муваффақ бўлдик. Тўғри, туман сабабли балиқчиларга 50 метрдан яқинроқ яқинлашишга рухсат бермайдиган регламентни бузишга тўғри келди, аммо яхши кадрлар учун нималар қилинмайди дейсиз.

Балиқчилар машғулотдан қайта бошлагач, турнирнинг биринчи куни маданий дастур, Удомля шаҳри бўйлаб экскурсия билан давом этди ва ўлкашунослик музейига ташриф билан якунланди.

### Турнирнинг иккинчи куни

Иккинчи, эндиликда мусобақа куни ҳам энг эрта тонгдан бошланди. Балиқчилар ажратиб турувчи нимчаларни олишди ва кўлга чиқиш кетма-кетлиги бўйича қуръа ташлашди.

Ўзбекистон жамоаси шарафини тажрибали балиқчилар — бухоролик Ойбек Зуҳуров ва самарқандлик Азиз Ражабов ҳимоя қилишди.

Ҳакамлар ҳайъати йўриқнома ўтказди, балиқчиларга оқ йўл ва балиқ овида омад тилади. Сўнг жамоалар қайиқлардан жой олишди, байрамона саф тортишди ва ҳакамларнинг буйруғи билан ўз омадларини тутишга жўнаб кетишди.

Биринчи кундагидек, ҳаво салқин ва булутли эди, лекин тушга яқин қуёш чарақлаб чиқди, туман тарқаб, Удомля кўли бутун гўзаллиги билан намоён бўлди. Бу айниқса очиқ сувдан жуда яхши кўринди.

Олисда Калинин АЭСнинг градирнялари кўриниб турар, у ер-бу ерда маҳаллий аҳоли балиқ овлар, қирғоқларда дала ҳовли қишлоқлари, дам олиш зоналари, ҳатто форель етиштириладиган балиқчилик хўжаликлари жойлашган эди. Тадбиркорлардан бири белуга кўпайтириш билан шуғулланаётгани ҳақида гап-сўзлар юради.

Асбоблар панелидаги сув ҳарорати датчиги +23 даражани кўрсатарди. Гид-капитан ҳаракат давомида кўл музламайдиган кўл эканини, қишда ҳарорат фарқи сабабли бу ерда деярли доимо туман бўлишини, лекин балиқ ови қишда ҳам, ёзда ҳам тўхтамаслигини айтиб берди. Бу кўл АЭС учун совутиш сув ҳавзаси вазифасини бажариши билан боғлиқ. Шу билан бирга, сув биринчи ва иккинчи контур нуқтаи назаридан атом станцияси билан ҳеч қандай алоқада бўлмайди.

Дарвоқе, туркиялик балиқчилардан бири кўлдаги сув Анталиядагидан асло совуқ эмаслигини таъкидлаб ўтди.

Бироқ бизнинг мақсадимиз балиқчилар экипажлари эди ва бу сафар ЖАРлик журналистлар билан биргаликда ўз жамоаларимизни қидиришга жўнадик.

Йўлда Туркия, Малайзия, Венгрия жамоалари учради ва нисбатан тез фурсатда ЖАР жамоасини топдик, улар ўз ўлжалари билан мақтанишди.

Кичик оролчаларни айланиб ўтиб, кўлнинг деярли энг охирида, кўрфазлардан бирида жойлашиб олган ўзбек балиқчилари жамоасини топдик. Бу ер тайёзлик эди ва гид-капитанимиз асосий моторни ўчириб, қайиқни электр минимоторда секин ҳайдаб борди.

Балиқчиларимиз диққатни жамлаб балиқ тутишарди. Балиқ ови сукунатни ёқтиради ва уларнинг атрофида айланиб, суратга олишни амалга оширгач, биз ҳам шундай сокин ва секинлик билан катта сувга узоқлашдик.

Балиқ тутиш учун ажратилган вақт ўз ниҳоясига етиб борарди ва жамоалар кетма-кет базага қайтишарди. Экипаж капитанлари балиқ тутиш бўйича баённомаларни ҳакамлар ҳайъатига топширишди ва шу билан мусобақалар якунланди.

Бироқ қирғоқда балиқчиларни яна бир жараён кутиб турарди. Турнир иштирокчиларининг кўз олдида Калинин АЭС мутахассислари тутилган балиқларнинг бир қисмини радиациявий назоратдан ўтказишди.

КАЭС атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Андрей Данилкин ушбу назорат нима учун кераклигини тушунтириб берди: «Биз Калинин АЭС жойлашган минтақанинг экологик ҳолати фаровон эканини биламиз. Бунда бизда холис маълумотлар бор. Аммо бошқа одамлар ҳам буни билиши ва кўриши биз учун жуда муҳим. Атом объектларини эксплуатация қилиш тажрибаси шуни кўрсатадики, бу технологиялар атроф-муҳитга дўстона ҳисобланади, уларни яшил технологияларга киритиш мумкин. Ва бундай атом объектларидан муваффақиятли фойдаланиш ҳамда атроф-муҳитни сақлаб қалиш тажрибасини оммалаштиришни биз жуда муҳим деб ҳисоблаймиз».

Унинг сўзларини радиация хавфсизлиги бўлими бошлиғи Виктор Дулейчик тасдиқлади: «Кўп йиллик мониторинг ва тадқиқотлар шуни кўрсатадики, атом станциялари атроф-муҳитга минимал таъсир кўрсатади. Ва бугун, фурсатдан фойдаланиб, сиз тутган балиқни ўлчаб, буни сизга кўрсата оламиз. Кўриб турганингиздек, дозиметр доза қуввати табиий фон қийматларидан ошмаслигини кўрсатмоқда, бу эса ушбу балиқнинг радиациявий нуқтаи назардан мутлақо хавфсиз эканидан далолат беради».

Модомики гап Калинин АЭС ҳақида кетар экан, станциянинг ўзига ҳам бироз эътибор қаратиш жоиз.

### Калинин АЭС ҳақида бир неча сўз

Балиқ мавзусидан бироз чалғиб, турнир иштирокчилари учун маълумот тўлиқлиги ва тушунишлари учун техтур ташкил этилган КАЭС ҳақида қисқача сўз юритамиз.

Калинин АЭС Тверь вилоятининг шимолида, Удомля муниципал округида, Тверь шаҳридан 150 км узоқликда жойлашган. АЭС майдончаси Удомля кўлининг жанубий қирғоғида жойлашган. Станциянинг ўрнатилган қуввати — 4000 МВт бўлиб, у икки навбатдан иборат. Ҳар бир навбат 1000 мегаватт қувватга эга иккита ВВЭР энергоблогини ўз ичига олади. ВВЭР реакторлари бугунги кунда хавфсизлик ва ишончлилик даражаси, катта бирлик қуввати ва иқтисодий самарадорлиги бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. ВВЭР реакторларининг самарадорлиги уларнинг муваффақиятли эксплуатация қилиниши — 1000 реактор-йилдан ортиқ ҳалокатсиз ишлаши билан исботланган.

АЭС — Россиянинг Марказий қисмидаги энг йирик электр энергияси ишлаб чиқарувчиси бўлиб, у Тверь вилоятида ишлаб чиқариладиган жами электр энергияси ҳажмининг 82 % ини, Россиянинг Марказий федерал округида 14 % ини ишлаб чиқаради, «Росэнергоатом Концерни» АЖнинг умумий электр энергияси ишлаб чиқаришидаги улуши эса тахминан 15 % ни ташкил этади.

Техтурдан сўнг турнир иштирокчилари билан учрашувда КАЭС бош муҳандиси Руслан Алыев шундай таъкидлади: «Сиз атом станциямиз иши билан танишдингиз ва энди технологиялар хавфсизлигига ишонч ҳосил қилишингиз ҳамда корхонанинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш фаолияти ҳақида батафсилроқ билишингиз мумкин».

### Таассуротларни тўплаймиз

Лекин кечқурун натижаларни сарҳисоб қилиш ва ғолиб жамоаларни мукофотлаш билан якунланган турниримиз мавзусига қайтамиз.

«Энг катта балиқ» номинациясида Малайзия жамоаси ғолиб чиқди: балиқчилар оғирлиги 1 кг 700 г келадиган судакни тутишга муваффақ бўлишди.

Россия шарафини ҳимоя қилган жамоа Удомля кўлида яшайдиган балиқ турларининг энг кўп миқдорини тутиб, «Энг катта ўлжа» номинациясида ғолиб чиқди, Венгрия жамоаси эса «Ғалабага бўлган ирода учун» номинациясида совринни қўлга киритди.

Венгрия жамоасидан Таня Керн турнирдан ҳайратда қолди: «Жуда гўзал эди, бутун кўл туманда эди. Бугун эса янада яхшироқ бўлди, чунки бошлаганимизда туман эди, бир соатдан кейин эса қуёшли бўлиб, янада гўзаллашди. Табиат жуда гўзал.

Мен бутун умрим давомида атом электр станцияси ёнида яшаганман, асли Пакшданман. Шунинг учун биз учун атом электр станцияси шунчаки нормал ҳолат. Биз экологик софликка ҳам қараймиз, атом электр станцияси билан яхши таниш бўлмаганлар учун турли лойиҳалар ўтказамиз. Шундай экан, айтишим мумкинки, атом электр станцияси — бу яхши. Жуда кўп одамлар атом электр станцияси қандай ишлашини шунчаки тушунишмайди. Ва ўйлайманки, ҳеч нарсадан қўрқиш керак эмас. Бу энг тоза энергия».

«Мусобақа давомида кўлнинг хавфсиз эканига ишонч ҳосил қилдим: балиқ бу ерда яшайди, кўпаяди ва уни ейиш мумкин – бу мени жуда қувонтирди. Биз турнирнинг энг катта балиғи – 1,7 кг оғирликдаги судакни тутишга муваффақ бўлдик. Мен учун бу, шунингдек, мен қачондир тутган энг катта балиқдир», – деб ўз таассуротлари билан ўртоқлашди Малайзия жамоаси балиқчиси Мохамед Фаируз Абдул Фарид.

Ўзбекистонлик балиқчилар катта муваффақиятга эриша олишмади, аммо Ойбек Зуҳуров айтганидек, асосийси ғалаба эмас, балки иштирок этиш.

«Бу сафар омад бугун биздан бироз юз ўгирди. Профессионал балиқчи ёки ҳаваскор бўлишингиздан қатъи назар, шундай бўлиб туради, балиқ чиқмай қолади. Биз катта балиқдан умид қилгандик, шунинг учун чўртанбалиққа бордик. Тўртта яхши қапишиш бўлди, лекин шундай бўлиб қолдики, балиқ ови ўхшамади. Биз олдимизга шундай вазифа қўйгандик: битта катта балиқ билан ютиш. Баъзан шундай хатоликлар бўлиб туради. Лекин, биласизми? Асосийси — ғалаба эмас, иштирок этиш», — деди Ойбек Зуҳуров оптимистик руҳда.

У, шунингдек, турли миллат вакиллари суҳбатдошнинг тилини билмай, ишоралар тили ёрдамида бир-бирини тушунадиган турнирнинг дўстона хусусиятини таъкидлади.

### Хўш, энди эса шахсий таассурот

«Росатом» шафелигидаги балиқ овлаш бўйича халқаро турнирлар ҳақиқатан ҳам, энг аввало, маърифий характерга эга. Турнир иштирокчилари бунга ўз кўзлари билан ишонч ҳосил қилишлари мумкин бўлди.

Балиқчилар ҳамжамияти ўзига хос. Ҳар бир балиқчи ҳам ўз сирлари билан ўртоқлашавермайди, лекин қирғоқда бу дўст бўлиб қолишга асло халақит бермайди. Ва турнир кечиши кўрсатганидек, илгари бир-бирини танимаган одамлар тезда алоқа ўрнатишди ва бир-бирларини яримта сўздан тушунишди.

Эҳтимол, турнирнинг яна бир функцияси айнан шундадир — одамлар ва ҳамжамиятлар ўртасида дўстона муносабатларга, оқибатда эса мамлакатлар ўртасидаги яқинлашувга хизмат қилиш.

Ушбу салмоқли репортажимга қўшимча сифатида бўш вақт топиб, бир ярим соатча сабр қилиб, ўтган турнир ҳақидаги видеофильмни томоша қилишни таклиф этаман.

Ўзбекистонлик балиқчи Ойбек Зуҳуров ташкилотчилар, балиқчилар ва журналистларнинг энг яхши роликларидан видеофильм монтаж қилиб, уни ўтган турнирдан эсдалик сифатида ташкилотчиларга совға қилди. Фильм қизиқарли, мазмунли чиқди ва уни томоша қилишдан завқ олишингизга ишончим комил.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.