Дунё

«Орзуингга эргаш»: Екатеринбург бутун дунё ёшлари мулоқоти майдонига айланди

13 сентябрь куни Екатеринбургда, «Екатеринбург-Экспо» халқаро кўргазма марказида учинчи Халқаро ёшлар фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу йилги фестивалда 191 мамлакатдан 10 минг киши — 5 минг россиялик ва 5 минг чет эллик меҳмон иштирок этмоқчи. Кенг кўламли концерт дастури доирасида фестивальнинг кўплаб иштирокчилари учун машҳур Россия ва хориж мусиқий ижрочилари, жамоалари чиқиш қилишди […]

«Орзу ортидан»: Екатеринбург бутун дунё ёшлари мулоқот майдонига айланди

13 сентябрь куни Екатеринбургда, «Екатеринбург-Экспо» халқаро кўргазма марказида учинчи Халқаро ёшлар фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу йилги фестивалда 191 мамлакатдан 10 минг киши — 5 минг россиялик ва 5 минг хорижлик меҳмон иштирок этмоқда.

Катта концерт дастури доирасида фестивалнинг кўплаб иштирокчилари олдида таниқли россиялик ва хорижлик мусиқа ижрочилари, жамоалар ва актёрлар, жумладан, актриса Юлия Пересильд, Наталья Орейро ва «Муҳташам юз йил» сериали юлдузи Ҳалит Эргенч чиқиш қилишди. Бундан ташқари, дунёнинг бешта макроҳудуди — Осиё, Африка, Европа, Жанубий Америка ва Яқин Шарқ делегациялари ўз миллий маданиятларининг ўзига хос хусусиятлари: анъаналар, рамзлар, мусиқа ва рақсларини акс эттирувчи ёрқин тақдимотларни намойиш этишди.

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин видеоалоқа орқали фестиваль меҳмонларига қутлов ва тилак сўзлари билан мурожаат қилди. У ёшларни орзулар ортидан боришга ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан дунёни ўзгартиришга чақирди, шунингдек, бу йилги фестиваль ўтказиладиган жой сифатида Уралнинг алоҳида аҳамияти ва рамзий маъносини таъкидлади: унинг сўзларига кўра, Урал замини қадимдан илғор ғоялар, илмий кашфиётлар ва саноат инқилоби бешиги бўлиб келган.

«Россиянинг саноат, маданий ва интеллектуал меросининг асосий марказларидан бири бўлган бу ерда бўлмаса, яна қаерда турли мамлакатларнинг ёш етакчилари янги технологиялар кириб келиши билан ҳаётимиз қандай ўзгараётганини, келажак дунёси қандай бўлиши кераклигини муҳокама қилишлари мумкин», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Учинчи Халқаро ёшлар фестивали Екатеринбургда 11 сентябрь куни бошланди ва 17 сентябргача давом этади. Фестивалнинг расмий шиори — «Орзу ортидан», асосий ғояси эса — турли мамлакатлардан келган ёшларнинг танишишлари, умумий тил топишлари, тажриба алмашишлари ва долзарб глобал таҳдид ҳамда муаммоларни ҳал қилиш йўлларини биргаликда излашлари учун очиқ мулоқот майдонини яратишдан иборат.

Фестивалга бўлган қизиқиш унинг очилишидан анча олдин пайдо бўлди. Тўрт ойлик ариза топшириш кампанияси давомида ташкилотчилар 113 мингдан ортиқ ариза қабул қилишди. Бундан ташқари, фестиваль ҳаракати тарихида илк бор хорижлик иштирокчилардан тушган аризалар сони россияликларникидан кўп бўлди — 32 мингтага фарқ қилди.

Бу йилги фестивалнинг ўзига хос хусусияти — хорижий делегацияларни шакллантиришдаги тармоқ тамойилидир. Екатеринбургга фан ва таълим, давлат бошқаруви, бизнес, спорт, медиа, IT ва рақамлаштириш, креатив индустриялар ҳамда фуқаролик фаоллиги соҳаларидан ёш мутахассислар ва етакчилар ташриф буюришди. Уларнинг аксарияти аллақачон ўз лойиҳаларини амалга оширмоқда ва яқин йилларда ўз мамлакатлари ривожига сезиларли таъсир кўрсатишни режалаштирмоқда.

Фестивалнинг бош майдончалари «Екатеринбург-Экспо» халқаро кўргазма маркази ва Урал федерал университети кампуси бўлди. Фестиваль дастури мулоқот ва ҳамкорлик атрофида қурилган: мунозаралар ва маърузалардан ташқари, иштирокчиларни жамоавий лойиҳалар, ижодий ва спорт тадбирлари, таълим учрашувлари ва турли маданий тажрибага эга одамларга умумий тил топиш имконини берувчи кўплаб бошқа форматдаги воқеалар кутмоқда.

Россия «Знание» (Билим) жамиятининг маърифий дастури алоҳида ўрин тутади. Иштирокчилар маърузалар, очиқ мулоқотлар ва мунозараларда қатнашишлари, шунингдек, таниқли экспертлар билан шахсан суҳбатлашишлари мумкин. Маданий дастур ҳам кам эмас: спектакллар, концертлар, кино намойишлари, кўргазмалар, ярмаркалар, гастрономик фестиваль ҳамда дизайн ва мерч маркетлари, ташкилотчиларнинг фикрига кўра, иштирокчиларга нафақат бир-бирларининг маданияти ҳақида билиб олиш, балки уларга том маънода шўнғиш имконини беради.

Замонавий медиа соҳаси ҳам ўз майдончасига эга бўлди: «Медиапоток» (Медиаоқим) журналистлар, блогерлар, продюсерлар, фан ва санъат вакилларини бирлаштирди. Бу ерда медиаиндустриянинг трансформацияси, янги технологиялар ва креатив индустрияларнинг ривожланиши ҳақида сўз бормоқда. Иштирокчилар учун бу нафақат таълим майдончаси, балки профессионаллар билан танишиш ва келажакдаги лойиҳалар учун потенциал шериклар топиш имкониятидир. Велнес-дастур доирасида таниқли спортчилар билан эрталабки бадантарбия машғулотлари, маҳорат дарслари, югуриш мусобақаси, футбол, стол тенниси ва киберспорт бўйича турнирлар ўтказилмоқда. Турли мамлакатлар маданияти билан танишиш миллий спорт турлари фестивали орқали ҳам давом этмоқда.

Алоҳида блок кўнгиллилик ва ижтимоий ташаббусларга бағишланган. Ёшлар Добро.рф платформаси имкониятлари билан танишиб, кўнгиллилик ва хайрия лойиҳаларида иштирок этмоқдалар ҳамда фестиваль якунланганидан кейин ҳам ушбу фаолиятни давом эттириш имкониятига эга бўлмоқдалар.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, хорижлик меҳмонлар учун Россия билан танишиш фақат Екатеринбург билан чекланиб қолмайди. Экскурсия дастури доирасида улар Уралга саёҳат қилиб, унинг табиий, тарихий ва маданий мероси билан танишишлари мумкин бўлади. Фестивалнинг асосий қисмидан сўнг эса минг нафар хорижлик иштирокчи ҳудудлар бўйлаб экспедицияларга йўл олади. Улар учун Россиянинг 35 та субъекти, «Сириус» федерал ҳудуди, шунингдек, Абхазия ва Жанубий Осетия бўйлаб 33 та йўналиш тайёрланди. Беш кунлик саёҳат давомида меҳмонлар маҳаллий диққатга сазовор жойлар, табиат ва технологик лойиҳалар билан танишадилар, дала тадқиқотларида иштирок этадилар ҳамда россиялик ёшлар ва маҳаллий туб кам сонли халқлар вакиллари билан учрашадилар.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.