Дунё

Туркияда Эрдўғанни танқид қилган Ҳалк ТВ эфири тўхтатилди

Туркияда мухолифатга яқин Ҳалк ТВ телеканали таҳририятида тинтув ўтказилиб, эфир вақтинча тўхтатилди ва канал ташқи бошқарувга берилди. Прокуратура бу чораларни телеканал раҳбарига қарши жиноят иши билан боғлаган, унинг ўзи эса айбловларни рад этиб, воқеани сиёсий сабаблар билан изоҳлаган.

Туркияда Эрдўғанни танқид қилган Ҳалк ТВ эфири тўхтатилди

ДВ хабарига кўра, Ҳалк ТВ 14-октабр куни эрталаб таҳририятга терроризм, уюшган жиноятчилик ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўлинмалари ходимлари кирганини билдирган.

Телеканал журналистларининг айтишича, полиция бинода тинтув бошлаган, ходимлар эса иш жойларига киритилмаган.

Ҳукумат Ҳалк ТВъга вақтинча бошқарувчи сифатида Туркия Омонатларни суғурталаш жамғармасини тайинлаган. Телеканал эфири устидан назорат ҳам шу тузилмага ўтади.

АП агентлиги маълумотига кўра, прокуратура тинтувлар телеканал раҳбари Жафар Маҳирўғлига қарши иш доирасида ўтказилаётганини маълум қилган. У пора олиш, тендерларда фирибгарлик ва пул ювишда гумон қилинмоқда.

Иш юзасидан 17 кишини ҳибсга олишга ордер берилган. Хабар эълон қилинган вақтда уларнинг 11 нафари ушланган.

Туркиядан ташқарида бўлган Маҳирўғли айбловларни «асоссиз» деб атаган. У таҳририятдаги тинтув ва телеканалнинг ташқи бошқарувга ўтказилишини сиёсий сабабларга боғлаган. Шунингдек, унинг айтишича, етти нафар қариндоши ҳам ушланган.

дпа агентлиги Ҳалк ТВ мухолифатдаги Республика халқ партиясига яқин ҳисобланиши ва президент Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳамда унинг Адолат ва тараққиёт партиясини мунтазам танқид қилиб келганини қайд этган.

Бир йил аввал Туркияда бошқа бир мухолиф телеканал — Теле1 ҳам вақтинча ташқи бошқарувга ўтказилган эди. Унинг бош муҳаррири Мердан Янардаг жосуслик айблови билан қамоққа олинган, телеканал назорати эса Омонатларни суғурталаш жамғармасига берилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.