Туризм соҳасининг энг яхши вакиллари «Туризм фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирландилар
Тошкентда 27 сентябрь — Бутунжаҳон туризм кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда туризм соҳаси вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари, тадбиркорлар, соҳа фахрийлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар иштирок этди. Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг туризм соҳаси ходимлари ва фахрийларига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Тадбирни очар экан, Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов тобора ортиб бораётган […]

Туризм соҳасининг энг яхши вакиллари «Туризм фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирландилар
Тошкентда 27 сентябрь — Бутунжаҳон туризм кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда туризм соҳаси вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари, тадбиркорлар, соҳа фахрийлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар иштирок этди.
Маросим аввалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг туризм соҳаси ходимлари ва фахрийларига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди.
Тадбирни очар экан, Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов туризмнинг мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашдаги роли тобора ортиб бораётганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, соҳада сўнгги йилларда эришилган жиддий натижалар давлат раҳбари томонидан кўрсатилаётган эътибор ва қўллаб-қувватлашнинг амалий самарасидир. Соҳа олдига кенг кўламли вазифалар қўйилган: туризмни иқтисодий ўсишнинг асосий драйверларидан бирига айлантириш, замонавий технологиялар ва рақамли ечимларни жорий этишни тезлаштириш, юқори қўшилган қийматга эга янги йўналишларни ривожлантириш ва соҳанинг кадрлар салоҳиятини ошириш.
2030 йилгача бўлган давр учун алоҳида улкан мақсадлар белгиланган: хорижий туристлар сонини 20 миллионга етказиш, туризмнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 7 фоизгача ошириш, туризм хизматлари экспортини эса 8 миллиард доллардан кўпроққа етказиш.
Ушбу кўрсаткичларга эришиш учун соҳа мутахассисларидан янгича ёндашувлар, ташаббускорлик ва юқори масъулият талаб этилади. Шу нуқтаи назардан, туризмни ривожлантириш йўлида ҳар куни меҳнат қилаётган инсонларнинг касбий маҳорати ва амалий ҳиссасини эътироф этиш алоҳида аҳамият касб этади.
Тадбир доирасида соҳанинг энг фаол мутахассислари, давлат органлари ходимлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, тадбиркорлар, ижтимоий соҳа ва оммавий ахборот воситалари ходимлари, шунингдек, хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар «Туризм фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Тадбир давомида туризм соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳа ва ташаббуслар тақдимоти ўтказилди.
Хусусан, Туризм қўмитаси, «Ҳунарманд» уюшмаси ва Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкорлигида ташкил этилган «Uzbek Gift Contest» республика сувенир маҳсулотлари танловининг биринчи босқичи якунлари сарҳисоб қилинди. Танловга 600 дан ортиқ иш келиб тушди. Ҳакамлар ҳайъати баҳолаш натижаларига кўра, ёғоч, суяк ва тош ўймакорлиги, каштачилик, заргарлик санъати, миллий қўғирчоқлар ва тўқимачилик маҳсулотлари тайёрлаш каби йўналишларда 10 та энг яхши устани аниқлади.
Гастрономик туризмни ривожлантиришга қаратилган «Gastro Marketplace» ва «Tourist Friendly Restaurant» махсус лойиҳалари алоҳида тақдим этилди. Ушбу ташаббуслар хизмат кўрсатиш стандартларини такомиллаштириш, миллий таомларни халқаро аудитория ўртасида оммалаштириш ва Ўзбекистоннинг гастрономик салоҳиятини мустақил туристик маҳсулот сифатида намоён этишга қаратилган.
Байрам дастури «Омадли меҳмон» интерактив викторинаси билан давом этди. Ғолибларга Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун туристик йўлланмалар топширилди. Тадбир таниқли маҳаллий ижрочилар иштирокидаги гала-концерт билан якунланди.
«Туризм фидойиси» кўкрак нишони Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5781-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 июлдаги 433-сонли қарори билан таъсис этилган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш, хорижий ва ички сайёҳлар оқимини кўпайтириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва замонавий туризм инфратузилмасини шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
2026 йилнинг январь-август ойларида мамлакатга 9,1 миллион хорижий турист ташриф буюрди — бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21,1 фоизга кўпдир.
Ушбу даврда Хитойдан туристик оқим 2,3 бараварга, Малайзиядан — 2 бараварга, Япониядан — 1,5 бараварга, АҚШдан — 1,4 бараварга, Россиядан эса — 1,3 бараварга ошди.

