Дунё

“Туристлар Марказий Осиёни ягона макон сифатида кўриши керак”

Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги яқинлашув сиёсий келишувлардан ташқари, одамларнинг кундалик ҳаётида ҳам сезилмоқда. Чегарадан ўтиш, савдо қилиш, саёҳат ва юк ташишни енгиллаштириш каби масалалар минтақавий ҳамкорликнинг муҳим қисмига айланмоқда.

“Туристлар Марказий Осиёни ягона макон сифатида кўриши керак”

Қўшни давлатлар аҳолиси Марказий Осиё интеграцияси ва Хўжанд декларациясига қандай муносабат билдиряпти?

Бахтиёр Ҳамдамов:

Абадий дўстлик декларацияси жуда муҳим ҳужжат ҳисобланади. Уни давлатларимиз раҳбарлари ҳеч қандай воситачиларсиз, ўзаро келишув асосида имзолашди. Бу жараёнда бошқа давлатларнинг ташқи таъсири бўлмади.

Бугун Хўжандда ўтаётган иккинчи форум ҳам интеграция йўлидаги навбатдаги қадамдир. Биз кўплаб масалаларда келишиб олдик, Қирғизистон билан орамизда сулҳ ва тотувлик ўрнатилди. Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар ҳам ҳозир жуда яхши. У ерда бизни қандай кутиб олишлари, муносабатлар қай даражада ўзгаргани яққол билинади.

Энди кейинги босқичда нафақат тинчлик ва тотувликда яшашимиз, балки биргаликда ҳаракат қилиб, тараққиёт сари интилишимиз керак.

Интеграция аслида аллақачон бошланган. Бу ҳужжатнинг энг муҳим томони шундаки, у нафақат бугунги кун, балки келажак авлод учун ҳам мустаҳкам пойдевор яратади. Кейинги авлод бу ҳужжатни ўзига мерос сифатида қабул қилади. Менимча, бундай форумлар янада кўпроқ ўтказилиши лозим.

Уларни ўзимиз ҳам ташкил қилишимиз керак. Йўлларни очиш, чегарадан ўтишни енгиллаштириш зарур. Чунки бу уч халқ, умуман олганда, Марказий Осиёдаги беш давлат халқлари тарихан бирга яшаб келган. Биз ана шу умумий тарихни асрашимиз керак. Илгари миллий чегаралар ҳам, бугунги маънодаги миллат тушунчалари ҳам ҳозиргидек ажратилмаган. Сўнгги икки асрда, аввал империя, кейин совет даврида, халқлар ўртасида турли бўлинишлар юзага келган.

Амангелди Жумабаев:

Бундай форумлар биз учун жуда зарур. Яқинда Ўшда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон элчилари иштирокида савдо диалоги ўтказдик. Унда уч мамлакатнинг божхона хизматлари, туризм соҳаси ва иқтисодиёт вазирликлари вакиллари қатнашди. Барча иштирокчилар бир масалани алоҳида таъкидладилар: интеграция учун мустаҳкам қонунчилик базаси ва ягона қоидалар керак.

Масалан, Ўзбекистонга келадиган туристларнинг қарийб 50 фоизи Тожикистон ва Қирғизистондан келади ва уларнинг катта қисми Ўшга яқин жойлашган “Дўстлик” чегара пункти орқали ўтади.

Ҳозир бу ерда туристлар 30 дақиқадан бир соатгача навбат кутиб қолаётган ҳолатлар бор. Бу эса, табиийки, уларнинг таассуроти ва кайфиятига салбий таъсир кўрсатади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.