Трамп ҳусийларга қарши ҳужумни сўнгги дақиқада бекор қилди

Трамп ҳусийларга қарши зарбани охирги лаҳзада бекор қилди
АҚШ президенти Доналд Трамп ўтган дам олиш кунлари Яман ҳусийларига ҳужум уюштириш имкониятини кўриб чиққан, аммо сўнгги дақиқада бундан воз кечган. Бу ҳақда СБС Невс манбаларга таяниб хабар берди.
Манбаларга кўра, 17-сентябр куни Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон АҚШ президентига яна қўнғироқ қилиб, ундан ёрдам сўраган. Шундан сўнг президент Пентагонга ҳаво ҳужумларига тайёргарлик кўришни буюрган.
Бироқ 19-сентябр куни тунда ҳусийларга қарши ҳозирча ҳеч қандай ҳаракат қилмаслик ҳақида қарор қабул қилинган. Оқ уй буни Яқин Шарқдаги можаро географиясини кенгайтиришни истамаслик билан изоҳлаган.
Сўнгги ҳафталарда ҳусийлар Қизил денгиз бўйидаги ҳудудларни, жумладан Моҳа, Дубаб порт шаҳарлари, Мурад аҳоли пунктини, шунингдек Боб ал-Мандаб бўғозининг ўртасида жойлашган стратегик Перим оролини назоратига олган. Бу уларга минтақадаги халқаро кемалар ҳаракатини назорат қилиш имконини беради. Эрондаги можаро сабабли Саудия Арабистони нефт экспорти учун Ҳормуз бўғози ўрнига Боб-ал Мандаб денгиз йўлидан фойдаланмоқда.
Яман ҳусийлари АҚШнинг сўнгги дақиқада ҳужумларни бекор қилганига жавобан унинг Қизил денгиздаги кемаларини нишонга олмасликка ишонтирди. Бу ҳақда ҳусийларнинг сиёсий бюроси аъзоси Муҳаммад ал-Бухайтий маълум қилди.
“Биз АҚШ ёки бўғоздаги бошқа ҳеч бир давлатни нишонга олмаслигимизни тасдиқладик, ягона истисно — душман Саудия. Ҳозир ҳам шундай”, деди у.
Ал-Бухайтийнинг таъкидлашича, агар бирор давлат Саудия Арабистони томонида туриб Яманга қарши тажовузга қўшилса, ҳусийлар бир нечта фронтда уруш олиб бориш имкониятига эга.
“Бугун Яман нафақат ички можарода, балки халқаро қарама-қаршиликда ҳам уруш олиб боришга қодир”, деди у.

