Тошкентнинг яна 302 та мактабида «AI Attendance» тизими ва ақлли камералар жорий этилади
Тошкентдаги мактабларда давоматни назорат қилишнинг SI Davomat (AI Attendance) тизимини яна 302 та мактабга кенгайтириш режалаштирилмоқда. Ҳозирда у Сергели туманидаги 26 та мактабда синовдан ўтказилмоқда, у ерда 446 та ақлли камера ўрнатилган.

Тошкентнинг яна 302 та мактабида «AI Давомат» тизими ва ақлли камералар жорий этилади
Тошкентдаги «SI Davomat» («AI Давомат») мактаб давоматини мониторинг қилиш тизими 2027–2028 йилларда яна 302 та мактабга кенгайтирилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокимининг 6 октябрдаги фармойишида айтилади.
«Газета» аввалроқ ушбу тизим Сергели туманидаги 26 та мактабда синовдан ўтказилаётгани, у ерда 446 та ақлли камера ўрнатилгани ҳақида хабар берган эди. Пилот лойиҳа натижалари тизимни шаҳардаги бошқа мактабларда босқичма-босқич жорий этиш учун асос бўлиши кутилган эди.
Шаҳар ҳокимлигининг билдиришича, ақлли камералар ва Face ID технологияси ўқувчиларнинг мактабга келишини ва дарсдаги давоматини қайд этиш имконини беради.
«Бу мутахассисларга сабабларни янада синчковлик билан ўрганиш, оилалар ва мактаблар билан ишлаш ҳамда болаларга ўз вақтида зарур ёрдам кўрсатиш имконини беради», — дейилади ҳокимлик хабарида.
Шунингдек, тизим нафақат давоматни назорат қилиш, балки фанлар, синфлар ва ўқитувчилар кесимида дарсларни ташкил этиш, ўқувчиларнинг жалб қилинганлиги ва ўқитиш методларини таҳлил қилиш учун ҳам мўлжаллангани таъкидланди.
Ҳоким фармойишида Ўзбекистон президентининг 4 сентябрдаги Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактабларида давоматни яхшилаш ва тизимни барча мактабларга кенгайтиришга қаратилган топшириқлари акс этган баённомага ҳавола қилинган.
Ҳозирда Тошкентда 500 дан ортиқ давлат ва 150 га яқин хусусий мактаб фаолият юритмоқда.

