Тошкентнинг икки туманида хиёбон ва автотураргоҳлар ташкил этиш ҳуқуқи савдога чиқарилади

Тошкентнинг икки туманида хиёбон ва автотураргоҳлар ташкил этиш ҳуқуқи савдога чиқарилади
Тошкентда учта ер участкаси хиёбон ва автотураргоҳлар барпо этиш учун хусусий шерикларга топширилиши режалаштирилмоқда. Лойиҳалар давлат-хусусий шериклик форматида амалга оширилади, тегишли битимларни тузиш ҳуқуқи эса электрон савдоларга чиқарилади.
Участкалардан бири Юнусобод тумани, «Қашқар» маҳалласининг Истиқлол кўчасида жойлашган. У ерда хиёбон ва автотураргоҳ ташкил этиш кўзда тутилган. ДХШ битимини тузиш ҳуқуқининг бошланғич қиймати 514,2 миллион сўмни ташкил этади.
Яна иккита участка Чилонзор туманида жойлашган. Улардан бири «Катта Дўмбиробод» маҳалласининг Гавҳар кўчасида, иккинчиси эса «Бешқўрғон» маҳалласининг Бунёдкор шоҳкўчасида жойлашган. Иккала участка ҳам автотураргоҳлар ташкил этиш учун мўлжалланган.
Ушбу икки участкада лойиҳаларни амалга ошириш ҳуқуқи бошланғич қиймати 932,9 миллион сўм бўлган ягона лот сифатида савдога чиқарилади.
Лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисидаги қарор Тошкент шаҳар ҳокими томонидан 14 сентябрь куни қабул қилинган. Ҳужжатга кўра, биринчи объект 10 кун ичида, қолган иккитаси эса 15 кун ичида E-auksion платформасида савдога чиқарилиши керак.
Лойиҳаларнинг давлат шериги этиб «Toshkent Invest» АЖ белгиланган. ДХШ битимлари доирасида тушадиган маблағлар ҳокимлик ҳузуридаги Тошкентни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.
Аукционлар ўтказилгандан сўнг, ғолиблар билан давлат-хусусий шериклик битимлари имзоланади. Уларнинг ижросини назорат қилиш «Toshkent Invest» томонидан амалга оширилади.

