Ҳудудларда 18 та бозор ва савдо мажмуаси хусусийлаштирилади, Тошкентда яна 15 тасининг сотилиши тезлаштирилади
Ўзбекистонда бешта ҳудуддаги 18 та бозор, савдо мажмуаси ва автобозорлардаги давлат улушларини хусусийлаштириш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, расмийлар Тошкентдаги 15 та йирик бозор ва савдо мажмуасини хусусийлаштиришни тезлаштириш ниятида.

Ҳудудларда 18 та бозор ва савдо мажмуаси хусусийлаштирилади, Тошкентда яна 15 тасининг сотилиши тезлаштирилади
Ўзбекистонда Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида жойлашган 18 та бозор, савдо мажмуаси ва автомобиль бозорларидаги давлат улушларини хусусийлаштириш режалаштирилмоқда. Ушбу рўйхат президентнинг 28 августдаги иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштиришни тезлаштириш тўғрисидаги фармонига киритилган.
Ушбу корхоналарнинг аксариятида давлат назорат пакетларига — 51% дан 68% гача эгалик қилади. Сотиш шартлари ва тартиби маҳаллий ҳокимият органлари томонидан тайёрланиши ва Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан белгиланиши керак.
Хусусийлаштиришдан тушган маблағлар, баҳолаш ва сотиш харажатлари чегириб ташланган ҳолда, тегишли маҳаллий бюджетларга ўтказилади.
Фармоннинг алоҳида рўйхатида Тошкент шаҳридаги бир қатор бозор ва савдо мажмуаларини сотувга қайта чиқариш эмас, балки бошланган хусусийлаштириш жараёнини тезлаштириш кўзда тутилган.
Хусусийлаштирилиши тезлаштирилиши лозим бўлган ушбу активлар рўйхатига бошқа корхоналар, жумладан, нефть-газ ва кимё тармоқларидаги корхоналар ҳам киритилган.
Июль ойида президент қарори билан Тошкентдаги 12 та йирик бозор ва савдо мажмуаси ҳамда уларнинг 23 та филиалини савдога чиқариш белгиланган эди. Уларнинг умумий майдони 91,94 гектарни, бино ва иншоотлар майдони эса қарийб 519,4 минг кв. метрни ташкил этади. Рўйхатга, хусусан, «Сергели», «Янгиобод», «Ўрикзор», «Авиасозлар», «Фарҳод», Қўйлиқ бозори ва бошқалар киритилган.
Амалдаги бозорлар ўрнида замонавий экобозорлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, кўнгилочар марказлар ва кўп қаватли автотураргоҳлар ташкил этиш сотишнинг мажбурий шарти этиб белгиланган. Объектларни сотишга тайёрлаш учун «Тошкент инвест компанияси» бизнес-лойиҳалар ва ҳудудларни ривожлантириш мастер-планларини ишлаб чиқиши лозим.
Янги рўйхатдаги бундай активларнинг энг кўпи Наманган вилоятига тўғри келади.
Бундан ташқари, рўйхатга Самарқанд уй-жойларни таъмирлаш корхонаси ҳам киритилган — компаниянинг 100% улуши давлатга тегишли.
Сурхондарё вилоятида давлат «Лолазор Денов Барака»нинг 51% ва Жарқўрғон деҳқон (озиқ-овқат) бозорининг 54,6% улушини сотишни режалаштирмоқда.
Тошкент вилоятида Қибрай деҳқон бозорининг 51% улуши сотувга чиқарилади.
Президент фармони билан иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг янги босқичи тасдиқланди. Жами 84 та хўжалик жамиятидаги улушларни, 1242 та кўчмас мулк объектини ва қарийб 8000 гектар ер участкаларини савдога чиқариш режалаштирилган.
Сотиш учун мўлжалланган активларнинг умумий қиймати тахминан 100 трлн сўмга баҳоланмоқда. Йил якунига қадар расмийлар уларни сотишдан камида 14 трлн сўм туширишни кутмоқда.

