Тошкентдаги ёнғинда ҳалок бўлган аёл қасддан ўлдирилган бўлиши мумкин
Тошкентнинг Учтепа туманидаги хонадонда содир бўлган ёнғинда 26 ёшли аёл вафот этди. Воқеа жойида учта алоҳида ёнғин ўчоғи ва қасддан ўт қўйиш аломатлари аниқлангач, прокуратура қасддан одам ўлдириш бўйича жиноят иши қўзғатди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкентдаги ёнғинда ҳалок бўлган аёл қасддан ўлдирилган бўлиши мумкин
Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги ёнғинда аёл вафот этгани юзасидан қасддан одам ўлдириш моддаси билан жиноят иши очилди.
Аввалроқ пойтахт ФВБ 24-октабр куни соат 01:33 да Учтепа тумани Юсуф Саккокий кўчасида жойлашган турар жой мажмуасидаги хонадонда ёнғин чиққани, у ўчирилгач воқеа жойидан бир нафар фуқаронинг жасади топилганини маълум қилганди.
Бош прокуратурага кўра, ҳодиса жойида топилган хонадонда яшаб келган 26 ёшли аёл жасадининг елка соҳасидан оёқ-сон соҳасигача бўлган қисмида термик жароҳатлар аниқланган.
Шунингдек, ошхона, ётоқхона ва меҳмонхонада бир-бирига боғлиқ бўлмаган учта ёнғин ўчоғи ҳамда қасддан ўт қўйиш аломатлари ҳам топилган.
Мазкур ҳолат бўйича Учтепа тумани прокуратураси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатган.
Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

