Тошкентда ёнғинни ўчириш вақтида қутқарувчи ҳалок бўлди
Учтепа туманининг Қуйи Дархон маҳалласидаги уйлардан бирида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса жойига етиб борган қутқарувчилар ёнғинни бартараф этиш билан бир қаторда, хонадонда бўлган аҳолини зудлик билан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилган. ФВВ махсус қутқарув баталёни отряд командирининг ўринбосари – гуруҳ командири, капитан Бобурмирзо Пардаев ёнғинни бартараф этиш жараёнида ҳалок бўлган.

Тошкентда ёнғинни ўчириш чоғида қутқарувчи вафот этди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, 15-август куни соат 3:41 да “112” тизими орқали Тошкент шаҳар ФВББ навбатчилик қисмига Учтепа туманининг Қуйи Дархон маҳалласидаги уйлардан бирида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида маълумот келиб тушган. Тошкент шаҳар ФВББ ва ФВВ махсус қутқарув баталёни қутқарувчилари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ёнғинни бартараф этишга киришган.
Қутқарувчилар ёнғинни ўчириш билан бирга, хонадонда бўлган аҳолини хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиб, уларнинг ҳаётини сақлаб қолишган. ФВВ махсус қутқарув баталёни отряд командирининг ўринбосари – гуруҳ командири, капитан Бобурмирзо Пардаев ҳам инсонларни қутқаришда жасорат кўрсатган. Бироқ ёнғинни бартараф этиш жараёнида у қаҳрамонларча ҳалок бўлган.
Kun.uz манбасининг хабар беришича, марҳум ёнғин бўлаётган хоналардан бирида ўт ўчираётган пайтда унинг устига ёниб турган уй тўсини қулаган.
“У ўз касбининг ҳақиқий фидойиси сифатида инсон ҳаёти ва хавфсизлигини ўз жонидан устун қўйиб, сўнгги нафасига қадар хизмат бурчига содиқ қолди. Унинг жасорати ва фидойилиги ҳамкасблари, қутқарувчилик касби ва юртимиз аҳли хотирасида ҳамиша сақланиб қолади”, дейилади вазирлик хабарида.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти ва шахсий таркиби марҳум қутқарувчи Пардаев Бобурмирзо Комилжон ўғлининг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган.

