Тошкентдаги қурилиш майдонида жиддий экологик қонунбузарликлар аниқланди
51 туп дарахт рухсациз, ноқонуний йўқ қилинган. Корхона 50 туп арча ва 1 туп чинорни

Тошкентдаги қурилиш ҳудудида жиддий экологик қонунбузарликлар фош этилди
Текширув Тадбиркорлик субьектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда амалга оширилди.
Ўрганиш жараёнида мажмуанинг ҳар бир босқичи учун Давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси олингани аниқланган бўлса-да, хулосаларда кўрсатилган талабларнинг аксарияти бажарилмагани маълум бўлди.
Жумладан, қурилиш майдонига кириш-чиқиш йўлларида юк машиналари ғилдиракларини ювиш учун блок-постлар умуман барпо этилмаган. Шу сабабли лой ва тупроқ «Жарқўрғон» кўчаси бўйлаб 2–2,5 километргача тарқалиб кетган. Лой қуригач, ўтиб кетаётган машиналар уни майдалаб, ҳавога кучли чанг кўтармоқда. Бундан ташқари, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирлар ҳам мутлақо ишлаб чиқилмаган.
Шунингдек, эски бинолар бузилишидан чиққан 126 188,9 тонна чиқинди ҳамда котлован қазишдан ҳосил бўлган 368 432 тонна тупроқ қаерга олиб кетилгани юзасидан корхона ҳеч қандай ҳужжат тақдим эта олмади. Мутахассислар ўлчовига кўра, ҳудудда 12 036 тонна қаттиқ маиший ва қурилиш чиқиндиси белгиланган жойдан ташқарида тўпланган. Чиқиндиларни олиб чиқиш ва оқова сувларни ташиш бўйича шартномалар ҳам тузилмаган.
Бундан ташқари, 51 туп дарахт рухсациз ва ноқонуний равишда йўқ қилинган. Корхона 50 туп арча ва 1 туп чинорни кесиш учун ариза берган, бироқ Тошкент шаҳар экология бош бошқармаси томонидан рухсат берилмаган. Шунга қарамай, текширув чоғида бу дарахтлар кесиб ташлангани аниқланди.
Корхона томонидан экспертиза талаблари ҳам бажарилмаган. «Яшил макон» дастури доирасида ҳудуднинг камида 25 фоизини кўкаламзорлаштириш, углерод нейтраллиги режасини ишлаб чиқиш ва бошқа мажбуриятлар ижро этилмаган. Юқоридаги ҳолатлар «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ва «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунлар талабларига зид экани қайд этилди.
Корхонага атроф-муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни ноқонуний жойлаштирганлик учун 5 млрд 183 млн 364 минг 476 сўм компенсация тўлови ҳисобланди. Шу билан бирга, йўқ қилинган дарахтлар учун ўсимлик дунёсига етказилган 396 млн сўм зарар қоплаб берилиши белгиланди.
Бундан ташқари, йўқ қилинган ҳар бир дарахт ўрнига 100 тупдан, жами 5100 туп кўчат экиш ва уларни 3 йил давомида парвариш қилиш мажбурияти юклатилди. Корхона раҳбарига МЖтКнинг 85¹-моддаси 1-қисми бўйича 4 млн 400 минг сўм маъмурий жарима қўлланди.
Шунингдек, корхонага чанг кўтарилишининг олдини олиш ва ҳавони муҳофаза қилиш чораларини зудлик билан кўриш, ҳудуддаги чиқиндиларни ўлчаб, олиб чиқиш ва қайта ишлашга топшириш, «Экологик оқибатлар тўғрисидаги баёнот» лойиҳасини 10 декабргача экспертизадан ўтказиш ҳамда бошқа зарур кўрсатмалар берилди.

