Тошкентнинг Учтепа туманида сунъий кўл қурилишида 4 туп дарахт рухсациз кесилиб, табиатга 27 млн сўм зарар етказилди
Тошкентнинг Учтепа туманида сунъий кўл қурилишида 4 туп дарахт рухсациз кесилгани аниқланди. Экология бош бошқармаси ўсимлик дунёсига етказилган зарарни 27,28 млн сўмга баҳолади. Ҳокимлик аввалроқ лойиҳа доирасида мавжуд дарахтларни сақлаб қолиш режалаштирилганини билдирган эди.

Тошкентнинг Учтепа туманида сунъий кўл қурилиши вақтида 4 туп дарахт рухсациз кесилиб, табиатга 27 млн сўм зарар етказилди
Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида сунъий сув ҳавзаси қурилиши билан боғлиқ ҳолда 4 туп дарахт рухсациз кесилгани маълум бўлди.
Ҳокимлик бундан аввал лойиҳа доирасида мавжуд дарахтларни сақлаб қолиш режалаштирилганини билдирган эди.
14-октабр куни Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ижтимоий тармоқларда Учтепа тумани, Қўрғонтепа маҳалласи, 11-мавзе, 52-уй ва 340-сонли мактабгача таълим ташкилоти оралиғида сунъий сув ҳавзаси қурилиши сабаб дарахтлар кесилгани ҳақидаги хабарлар юзасидан ўрганиш ўтказганини маълум қилди.
Дастлабки текширувда Учтепа тумани Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан ҳеч қандай рухсациз 3 туп айлантус ва 1 туп шумтол дарахти, жами 4 туп дарахт тагидан кесиб ташлангани аниқланди. Ўзбекистоннинг “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги қонуни 37-моддасига кўра, ўсимлик дунёсига етказилган зарар 27 млн 280 минг сўм деб баҳоланган.
Мазкур ҳолат бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) асосида маъмурий баённома расмийлаштирилмоқда.
Шунингдек, Экология бош бошқармаси Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 11-майдаги қарори талабларига мувофиқ, давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси олинмасдан туриб қурилиш ишлари бошланганини маълум қилди. Ҳозирда ушбу ҳудуд бош бошқарманинг Учтепа тумани бўлими назоратига олинган.
Ҳокимлик маълумотига кўра, Қўрғонтепа маҳалласидаги 340-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ва 15-сонли кўп қаватли уйлар оралиғидаги 0,8 гектар ер майдонида сунъий кўл барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида мавжуд дарахтларни сақлаб қолиш ва қўшимча манзарали дарахтлар экиш режалаштирилгани айтилган.
Ҳокимлик ободонлаштириш ишларидан мақсад аҳоли учун яшил ҳудуд яратиш, атроф-муҳитни кўкаламзорлаштириш ва ҳудуднинг эстетик қиёфасини яхшилаш эканини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, апрелдаги йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда микроиқлим ва ҳаво сифатини яхшилаш мақсадида қурилиши режалаштирилган сунъий кўллар сонини тўрттадан 12 тага етказиш бўйича топшириқ берган эди.
Сунъий кўллар пойтахтнинг 12 та туманида барпо этилиб, улар атрофида фавворалар, дам олиш зоналари ва яшил майдонлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Боғ бош дендрологи Атиргул Холмирзаева қурилиш жараёнида ўзбошимчалик билан дарахт кесилмаётганини, Ўзбекистон Фанлар академияси эса сув ҳавзаси қурилаётган майдонда боғнинг илмий коллексиясига мансуб дарахт ва буталар мавжуд эмаслигини билдирган эди.

