Тошкентдаги кўп қаватли уйларнинг ички ҳовлисидан автотураргоҳлар олиб ташланиши мумкин
Бўшаган жойдан болалар ўйнаши, сайр қилиш ва қўшнилар дам олиши учун фойдаланиш режалаштирилган.

Тошкентдаги кўп қаватли уйлар ички ҳовлисидан автотураргоҳлар олиб ташланиши мумкин
Тошкент шаҳар ҳокимлиги “15 дақиқали қулай муҳит” лойиҳаси доирасида бажарилиши режалаштирилган ишлар якунида қандай ўзгаришлар бўлиши ҳақида маълумот берди.
Лойиҳа консепсиясига кўра, боғча, мактаб, оилавий поликлиника, маиший хизмат кўрсатиш ва дам олиш масканлари пиёда 15 дақиқалик масофада жойлашиши лозим. Бу эса кундалик юмушларга камроқ вақт сарфланиб, оила, ҳордиқ ва мулоқот учун кўпроқ вақт қолишини англатади.
Автотураргоҳлар ҳамда автомобил йўлакларини ички ҳовли ҳудудидан ташқарига чиқариш режалаштирилган. Бўшайдиган майдон болалар ўйнаши, сайр қилиши ва қўшнилар дам олиши учун хизмат қилади.
Маҳаллалар ичида болалар аравачаси билан сайр қилиш, сояда нафас ростлаш ёки қўшнилар билан суҳбатлашиш мумкин бўлган хиёбонлар ва серсоя йўлаклар барпо этилади. Шунингдек, болалар ва катталар учун спорт майдончалари ҳамда учрашув жойларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Маҳалла кўчаларида замонавий видеокузатув тизимлари ва фавқулодда вазиятларда ёрдам чақириш имконини берувчи кўзга ташланадиган СОС тугмалари ўрнатилиши режалаштирилган.
Шавкат Мирзиёев 14-октябр куни Тошкент шаҳрида маҳаллаларни ободонлаштириш, янги мактаб ва боғчалар қуриш ҳамда шаҳар муҳитини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишганди. Пойтахтда “15 дақиқалик маҳалла” тамойили асосида 2027-йилда 100 та, 2030-йилга бориб эса жами 400 та маҳаллани комплекс янгилаш режалаштирилган.

