Тошкентдаги Миллий кутубхона ортида 1,3 гектарлик ҳудудда пулли автотураргоҳ ташкил этилади

Тошкентдаги Миллий кутубхона ортидаги 1,3 гектарлик майдонда пулли автотураргоҳ барпо этилади
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ортида жойлашган 1,3 гектар ҳудудда тартибли автотураргоҳ ҳамда ободонлаштирилган жамоат макони яратиш режалаштирилмоқда. Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилиши кўзда тутилган.
Лойиҳа шартларига кўра, ҳудуддаги мавжуд дарахтлар ва пиёдалар учун ажратилган жойлар сақлаб қолинади. Автотураргоҳ қурилиши сабаб дарахтларни кесиш назарда тутилмаган. Аксинча, ҳудудга 1 минг тупдан ортиқ дарахт ва бута экиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, бу ерда капитал қурилиш ишлари олиб борилмайди. Автотураргоҳ билан бирга пиёдалар ва велосипед йўлаклари, дам олиш масканлари, болалар ва воркаут майдончалари, енгил конструксияли спорт обьектлари ҳамда санитария хоналари ташкил этилади.
Лойиҳа доирасида 720 метр узунликдаги янги пиёдалар йўлаги қурилиши, видеокузатув тизими, бўш автотураргоҳ жойларини кўрсатувчи электрон таблолар ва замонавий тўлов тизими жорий этилиши ҳам режалаштирилган.
Ер участкасини электрон ауксионга чиқариш кўзда тутилмоқда. Ҳудуддан 10 йил муддатга фойдаланиш ҳуқуқини оладиган хусусий шерик инвестиция мажбуриятларини бажариши, шунингдек, ҳудудни сақлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришни таъминлаши керак бўлади.
Давлат-хусусий шериклик шартларига биноан, автотураргоҳ хизматидан тушадиган маблағларнинг 20 фоизи шаҳар бюджетига йўналтирилади. Махсус ва тезкор хизмат транспорт воситалари учун ҳудуддан фойдаланиш бепул бўлади.
Шаҳар ҳокимияти талабига кўра, автотураргоҳ ҳудуди байрамлар, фестиваллар ва бошқа оммавий тадбирлар учун ҳам тақдим этилиши лозим. Бундай мақсадларда ҳудуддан фойдаланиш муддати йилига 60 кунгача бўлиши мумкин.
Лойиҳа ташаббускорлари айтишича, автотураргоҳ ташкил этишдан мақсад шаҳар марказидаги автомобиллар сонини ошириш эмас, балки мавжуд транспорт оқимини тартибга солиш ва автомобилларнинг пиёдалар учун мўлжалланган жойларда тартибсиз тўхташининг олдини олишдир.
Ҳозирги кунда ҳудудда тартибли автотураргоҳлар етишмаслиги сабаб автомобиллар бир неча қатор бўлиб, айрим ҳолларда пиёдалар учун ажратилган майдонларда ҳам тўхтаб турибди. Янги лойиҳа эса мавжуд ландшафт, яшил ҳудудлар ва пиёдалар маконини сақлаган ҳолда транспортни тартибга солишга қаратилган.

