Тошкентдаги давлат мактабида ойига 24-29 млн сўмлик пулли синфлар очилди
Ихтисослашган таълим муассасалари агентлиги Хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатга ҳужжат топшириб, имтиҳондан ўтолмаган болалар учун шу мактабнинг пулли синфлари очилгани ва бу синфларга қабул бошланганини эълон қилди. Маълум бўлишича, Вазирлар Маҳкамаси 2024-йилдаги ёпиқ қарори билан бу амалиётнинг ҳуқуқий асосини белгилаб берган. Жамоатчилик фаоллари қатор саволларни ўртага ташламоқда.

Тошкентда янги очилган Хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатда пуллик синфлар ташкил этилди, уларнинг ойлик тўлови 24-29 миллион сўмни ташкил этади. Бу ҳақда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги 20-август куни расман эълон қилди.
Агентликнинг маълум қилишича, пуллик синфларнинг очилиши ота-оналардан келиб тушган кўплаб таклиф ва талаблар билан изоҳланган. Ушбу синфларга мактабга ҳужжат топшириб, имтиҳондан ўта олмаган болалар қабул қилинади.
Тўлов миқдорлари қуйидагича:
* 1-4-синфлар учун ойига 24 миллион сўм.
* 5-7-синфлар учун ойига 29 миллион сўм.
Агар ўқувчи бошқа ҳудуддан бўлса, ота-оналар ойига қўшимча 3 миллион сўм тўлаб, уни мактаб ётоқхонасига жойлаштиришлари мумкин.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги матбуот котиби Жаҳонгир Раҳмоновнинг сўзларига кўра, бу масалада ота-оналардан 22 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Ушбу амалиётнинг ҳуқуқий асоси Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 30-декабрдаги 908-сонли қарорида белгиланган. Бироқ, бу қарор "хизмат доирасида фойдаланиш учун" бўлганлиги сабабли, унинг мазмунини ошкор этиш имкони йўқ.
Раҳмоновнинг таъкидлашича, имтиҳондан муваффақиятли ўтган ўқувчилар учун таълим бепул. Мактабда инглиз ва хитой тиллари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. Ўқувчилар учун беш маҳал овқатланиш, спорт машғулотлари ва тил ўрганиш дарслари ҳам мавжуд. Аммо пуллик синфлар учун белгиланган нархларнинг асослари номаълум.
Маълумот учун, ихтисослаштирилган мактаблар давлат тизимидаги таълим муассасалари ҳисобланади ва давлат бюджетидан молиялаштирилади. Мактабга хорижий таълим дастурлари ва чет эллик ўқитувчиларнинг жалб қилиниши ҳам бюджет ҳисобидан амалга оширилади.

