“Ҳуқуқий асос бор”. Хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида пулли синфлар ташкил этилиши ҳақида

**"Ҳуқуқий асос бор": Хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида пулли синфлар очилиши ҳақида**
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида янги ташкил этилган Хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг тайёрлов гуруҳи ҳамда 1–7-синфларига тўлов-шартнома асосида қўшимча синфлар очилиши ҳақидаги эълон ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Эксперт Шокир Турсун давлат мактабида жой бўлса, нега бепул эмас, пулли синфлар очилаётгани, агар жой йўқ бўлса, шартнома асосида ўқитиладиган болалар қаерда ўқиши ҳақида савол қўйди. Педагог ва блогер Исроил Тиллабоев ўз постида Конституциянинг 50-моддасини эслатиб, "Хусусий мактабларга пул тўлаб ўқишни энди тушунганимизда, кўникаётганимизда, энди давлат мактабига ҳам пул тўлаб ўқитишга тўғри келадиган бўлмоқда, шекилли", деб ёзди.
"Дарё" нашри мазкур ҳолат юзасидан Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги матбуот котиби Жаҳонгир Раҳмоновдан изоҳ олди. Масъулнинг таъкидлашича, мазкур амалиёт ҳуқуқий асосга эга бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг қарорида белгилаб қўйилган қоидаларга таянади.
"Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 30-декабрдаги 908-сонли қарорида (хизмат доирасида фойдаланиш учун мўлжалланган) ўз аксини топган. Қарорда шартнома асосида таълимий хизматлар кўрсатиш бўйича тегишли бандлар мавжуд", деди агентлик вакили.
Унинг тушунтиришича, ёзги мавсумда мазкур мактабга талабгорлар жуда кўп бўлгани сабабли Салл-марказлар қизғин режимда ишлаган. Талаб юқори бўлгани учун асосий квотадан ташқари, қўшимча имконият яратиш эҳтиёжи юзага келган.
Тарқалган хабарларга кўра, шартнома асосида ташкил этилган синфларда нархлар қуйидагича бўлади:
* 1—4-синфлар учун ойига 24 000 000 сўм;
* 5—11-синфлар учун ойига 29 000 000 сўм.
Бу нархлар ҳозирча расман тасдиқланмади. Агентлик матбуот котиби нархлар ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирди.
"Дарё" агентликнинг қисқа рақамларига қўнғироқ қилиб аниқлашича, қўшни туман ёки вилоятлардан келувчилар ётоқхонада қолиш учун ойига қўшимча 3 миллион сўм тўлаши керак бўлади. Бунда ўқувчилар 5 маҳал овқат билан таъминланади.
2026-йил 25-апрел куни Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ўтказган матбуот анжуманида Тошкент шаҳрида хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш режалаштирилгани расман эълон қилинганди. Таълим тизими ва стандартлари Президент мактаблари дастурларига ўхшаш тарзда, илғор халқаро тажрибалар (жумладан, СТЕМ дастурлари) асосида йўлга қўйилган.
Мактабда инглиз ва хитой тилларини чуқурлаштириб ўқитишга алоҳида эътибор қаратилади. Асосий дарслар давлат тилида олиб борилади, махсус фанлар эса ўзининг чуқурлаштирилган дастурлари асосида ўқитилади.
Мактабнинг асосий қабул жараёнлари ва имтиҳонлари белгиланган тартибда ўтказилиб, ундан муваффақиятли ўтган ўқувчилар бепул ўқишни бошлайди. Янги эълон қилинган тўлов-шартнома асосидаги қўшимча синфлар эса асосий квотадан ташқари, қўшимча талаб билдирганлар учун очилмоқда.
Ушбу мактаб-интернатига 2026/2027-ўқув йили учун асосий ҳужжатлар қабули 1-июндан 15-июнгача 5, 6 ва 7-синфлар учун ariza.piima.уз ва mygov.uz сайтлари орқали онлайн тарзда амалга оширилган эди. Кириш имтиҳонлари эса 26–27-июн кунлари бўлиб ўтган.
Ҳозирда қўшимча қабул бўйича тўлиқ тартиб ва шартлар агентликнинг расмий саҳифалари орқали эълон қилиниши кутилмоқда.

