Тошкентда йўлни тўсиб рақсга тушган йигитлар 7 суткага қамалди
Тошкентнинг Олмазор туманида автомобил йўлининг қатнов қисмини тўсиб, рақсга тушган саккиз йигит 7 суткага қамалди. ъКелиннинг уйидан чиқаётганда хурсандчилкка берилиб, йўлни тўсиб қўйибмиз…Афсусдамизъ, — деди улардан бири. Фуқаролар майда безорилик бўйича айбдор деб топилди.

Тошкентда йўлни тўсиб рақсга тушган йигитлар 7 суткага қамалди
Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги Гулсарой кўчасида йўлни тўсиб, ҳаракатга халал берган 8 нафар шахсга нисбатан суд қарори чиқарилди, дея хабар бермоқда пойтахт ИИББ.
Мазкур ҳолат видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалганидан кейин бошқарма суриштирув ўтказган. Кадрларда бир гуруҳ куёвжўралар тўй маросими пайтида автомобил йўлининг қатнов қисмида ҳаракатланишга тўсқинлик қилиб, рақсга тушгани акс этган.
“Соат 16:00 ларда келиннинг уйидан чиқаётганда озгина хурсандчиликка, ҳиссиётга берилиб, йўлни тўсиб қўйдик. Бу ишни ўзимиз қатори болаларга тавсия қилмаймиз. Оқибати шу ёққача келишини билмаган эдик. Афсусдамиз”, — деди улардан бири.
Суриштирув натижасида уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) бўйича баённома расмийлаштирилиб, ҳужжатлар судга юборилган.
Суд қарорига кўра, қоидабузарларнинг ҳар бирига 7 суткадан маъмурий қамоқ жазоси белгиланди. Жазо муддати 3-ноябрдан ҳисобланиши қайд этилган.

