Тошкентда йўлни носоз ҳолатга келтирган масъуллар жарима тортилди
Мирзо Улуғбек туманида электр тармоқлари корхонаси ходимлари томонидан тегишли рухсатномасиз қазиш ишлари олиб борилгани маълум бўлди. Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспексияси ҳолат бўйича ўрганиш ишларини олиб борди.

Тошкентда йўлни носоз ҳолатга келтирган масъуллар жаримага тортилди
Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги маҳаллалардан бирида қазиш ишларини олиб борган ташкилот ходимлари йўлни қайта таъмирламасдан кетиб қолгани аниқланди.
“Дарё” сўровидан сўнг Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспексияси мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш олиб борди. Текширувда маълум бўлишича, “Нурли замин” кўчасида туман электр тармоқлари корхонаси ходимлари тегишли рухсатномасиз қазиш ишларини амалга оширган.
Туман ЭТКнинг масъул ходимига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 147-моддаси биринчи қисми билан — тегишли рухсатнома олмасдан қазиш ишларини олиб боргани учун баённома расмийлаштирилган. Шунингдек, йўлни қайта тиклаш ишлари ўз вақтида бажарилмагани сабаб туман ободонлаштириш бошқармасининг йўл бўлими бошлиғи ҳам маъмурий жазога тортилган, — деди инспексия ходими Заҳриддин Ғайбуллаев.
Инспексия ходими алоҳида таъкидлаганидек, йўлларда қазиш ёки ковлаш ишларини бошлашдан олдин белгиланган тартибда тегишли рухсатнома олиш мажбурий.
Қўшимча қилинишича, қазилган жойлар туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан таъмирланиб, дастлабки ҳолатига келтирилган.
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 147-моддасига кўра, йўлларга, йўл иншоотларига, йўл ҳаракатини тартибга солувчи техник воситаларга шикаст етказиш, уларни сақлаш қоидаларини бузиш, шунингдек, йўл ҳаракатини ташкил этиш талабларини бажармаслик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари (2 млн 200 минг сўм), мансабдор шахсларга эса йигирма баравари (8 млн 800 минг сўм) миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади.

