Тошкентда трансмиллий наркотармоқ фош этилди, 14 киши қўлга олинди. Видео

Тошкентда трансмиллий наркотармоқ фош этилди, 14 киши қўлга олинди. Видео
Тошкентда йирик трансмиллий наркотармоқ фош этилди. Ушбу схеманинг айрим иштирокчилари гиёҳвандлик воситаларини сақлаш ва қадоқлаш билан шуғулланган, бошқалари эса уларни яширин жойларга қўйиб кетган (закладка), тартибни эса «спортчилар» деб аталувчи шахслар назорат қилган. Гуруҳнинг жами 14 нафар гумонланувчи аъзоси қўлга олиниб, улардан 2,5 килограмм «Альфа-PVP» синтетик гиёҳвандлик моддаси — тахминан 71,4 минг бир марталик доза мусодара қилинди.
Операция Янгиҳаёт туманида автомобилни текширишдан бошланди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари пойтахтдаги олий ўқув юртларидан бирининг 3-курс талабаси бўлган 21 ёшли йигит бошқарувидаги Onix автомобилини тўхтатди. Машинадан 500 грамм «Альфа-PVP» топилди.
Қўлга олинганидан сўнг, йигит кўрсатма бериб, бу схеманинг бошқа гумонланувчи иштирокчиларини аниқлашга ёрдам берди. Кейинги тадбирлар Чилонзор, Юнусобод, Янгиҳаёт ва Бектемир туманларида бир вақтнинг ўзида ўтказилди.
ИИВ маълумотларига кўра, қўлга олинганлар трансмиллий жиноий ташкилот билан алоқадор бўлган. Тергов талқинига кўра, Тошкентда унинг фаолияти бир нечта гуруҳлар ўртасида тақсимланган. Етти киши «омбор ходимлари» вазифасини бажариб, гиёҳвандлик моддаларини сақлаган ва қадоқлаган. Яна олти киши интернет-дўконлар ва Telegram-ботлар орқали, яширин жойларга қўйиб кетиш (закладка) усулидан фойдаланган ҳолда тарқатиш билан шуғулланган.
Тергов маълумотларига кўра, ушбу гуруҳнинг катта қисмини ёшлар, жумладан, талабалар ташкил этган. Шу билан бирга, иш материалларига кўра, гуруҳнинг ўз «ички назорат» тизими ҳам бўлган: «спортчилар» деб аталувчи шахслар қарзларни ундириши ва схема иштирокчилари гиёҳвандлик моддаларини ўзлаштириб олмаслигини назорат қилиши керак эди.
Тармоқнинг раҳбарларидан бири экани гумон қилинаётган шахс Россия фуқароси бўлиб чиқди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига кўра, у россиялик ҳамкасблар томонидан қўлга олинган.
Операция ИИВ, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Божхона қўмитаси ва хорижий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилди.
Мазкур ҳолат юзасидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчилар қамоққа олинган.
Бундан аввал Тошкентда Россиядан почта жўнатмалари орқали юборилган иккита қурилиш асбоби ичидан 580 граммдан ортиқ «Альфа-PVP» синтетик гиёҳвандлик моддаси топилган эди. Бир ҳолатда модда перфоратор ичига, иккинчисида эса бензоарра ичига яширилган бўлган.

