Тошкентда Салар каналида балиқларнинг оммавий нобуд бўлиши сабаблари ўрганилмоқда

Тошкентда Салар каналида балиқларнинг оммавий нобуд бўлиши сабаблари аниқланмоқда
Пойтахтдаги Салар каналида балиқларнинг оммавий нобуд бўлиши қайд этилди. Ижтимоий тармоқлардаги хабарлардан сўнг Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ходимлари воқеа жойига етиб боришди.
Инспекторлар ҳудудни кўздан кечириб, содир бўлган воқеа тафсилотларини ўрганмоқдалар.
Атроф-муҳит мониторинги, иқлим ўзгаришига мослашиш ва гидрометеорологияни мувофиқлаштириш бўлими мутахассислари лаборатория таҳлили учун каналдан сув намуналарини олишди.
Балиқларнинг нобуд бўлиш сабаби ҳозирча аниқланмаган. Мутахассислар воқеага олиб келиши мумкин бўлган эҳтимолий омилларни текширишмоқда. Экология бошқармасидан маълум қилишларича, якуний хулосалар ўрганиш ва лаборатория тадқиқотлари якунланганидан кейин чиқарилади.
Текширув натижалари ҳақида қўшимча маълумот берилади.
Аввалроқ Бухоро вилоятидаги Хадича кўлида ноқонуний балиқ овлаш ҳолатига чек қўйилган эди. Уч нафар гумонланувчидан 118 бош балиқ олиб қўйилган, табиатга етказилган зарар эса 126 миллион сўмдан ортиқ деб баҳоланган эди.

