Тошкентдаги Салар каналидан кўплаб нобуд балиқлар оқиб ўтди
Тошкентдаги Экопарк яқинидан оқиб ўтувчи Салар каналида турли ҳажмдаги, жумладан, декоратив балиқларнинг оммавий нобуд бўлгани аниқланди. Кун давомида бунинг сабаб ва манбасини аниқлашнинг имкони бўлмади. Ҳокимлик вазият ўрганилаётганини маълум қилди. Газета мухбири воқеа жойидан репортаж тайёрлади.

Тошкентдаги Салар каналида кўплаб нобуд балиқлар оқиб кетди
Тошкент шаҳридаги Салар каналида ўлик балиқлар сув билан оқиб кетгани кузатилди. Газетаъга юборилган видеоларда соат 13:30 лар атрофида Экопарк боғининг жанубий қисми, Салар каналининг Махтумқули ва Абдулла Қодирий кўчалари кесишган жойида митти балиқлардан тортиб ўртача катталикдаги балиқларгача нобуд ҳолатда кўринди.
Каналнинг саёз жойларида шох-шаббаларга илиниб қолган балиқлар ҳам бор эди. Биз каналнинг Экопарк боғи ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Марказий боғдан оқиб ўтадиган қисмларини кўздан кечирдик. Экопарк бўйлаб канал атрофида сувда оқиб кетаётган кўплаб ўлик балиқларга гувоҳ бўлдик.
Марказий боғ томонда Япониядан келтирилган, рангли балиқлар боқиладиган кўл мавжуд. Дастлаб, каналда оқиб келган балиқлар шу кўлга тегишли деган тахмин бор эди. Бироқ боғ маъмурияти буни инкор этди.
Шунингдек, боғ эгаларининг айтишича, каналнинг Марказий боғгача бўлган қисмида қурилиш ишлари кетмоқда, қазиш ишлари сабаб балиқлар нобуд бўлаётган бўлиши мумкин. Канал бўйида яшовчиларнинг сўзларига кўра, у ерда бир ҳафтадан буён қурилиш давом этмоқда. Сувда эса балиқларга кўз тушмади. Шу тариқа, нобуд бўлган балиқлар қаердан бошлаб оқиб келаётгани номаълумлигича қолди.
Канал бўйига Тошкент шаҳри Экология бошқармаси мониторинг бўлимининг таҳлилий лабораторияси ходимлари келиб, сувдан намуна олди. Лаборатория ходимининг таъкидлашича, таҳлил натижалари 4−5 кунда тайёр бўлади.
“Бизда фақат кимёвий анализ қилинади, каналларга хос анализ. Азот гуруҳлари, пҲ муҳити, қуруқ қолдиқлар, муаллақ моддалар, сулфат ва хлорид тузлар таҳлили амалга оширилади. Бизда балиқдан намуна анализ қилинмайди, лабораториямиз оқова сувини таҳлил қилишга ихтисослашган”, — деди мутахассис Ҳидоят Жўрабоева.
Тошкент шаҳри ҳокимлигининг Газетаъга маълум қилишича, Экопарк ва католик черкови яқинидаги Салар канали бўйидаги вазият аллақачон шаҳар ҳокимлиги томонидан назоратга олинган. Ҳозирда Экология бошқармаси томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда. Мутахассислар ҳодиса сабаблари, ифлослантириш манбалари аниқлаб, атроф-муҳитга таъсирини баҳолайди.
Агар қоидабузарликлар аниқланса, материаллар белгиланган қонунчиликка мувофиқ ҳуқуқий баҳолаш ва қарор қабул қилиш учун ваколатли органларга топширилади, дея муносабат билдирди шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

