Тошкентдаги Салор каналига оқова сув ташлаган қурилиш компаниясидан 2,2 млрд сўм ундирилади

Тошкентдаги Салор каналига оқова сув ташлаган қурилиш компаниясидан 2,2 миллиард сўм ундирилади.
Тошкентнинг Яккасарой туманида жойлашган Салор каналига 63 936 куб метр суюқ чиқинди ноқонуний равишда оқизилгани аниқланди. Ушбу ҳолат юзасидан қурилиш ишларини амалга оширган масъулияти чекланган жамият (МЧЖ)га 2,2 миллиард сўмдан ортиқ компенсация тўлови ҳисобланди.
Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси хабарига кўра, ижтимоий тармоқларда Шота Руставели кўчасида қурилиш ишлари вақтида оқова сув қувурига шикаст етказилгани ва оқова сувнинг Салор каналига сизиб чиқаётгани ҳақидаги мурожаат ўрганилган.
Текширувлар натижасида "Б.Б." МЧЖ томонидан кўп қаватли турар жой биноси қурилиши жараёнида шаҳар оқова сув тармоғига тегишли қувурга зарар етказилгани маълум бўлди. Бунинг оқибатида қувурнинг бир қисми ўпирилиб тушган ва тўпланган оқова сув ҳеч қандай тозалаш ишлари олиб борилмасдан, махсус насослар ёрдамида тўғридан-тўғри каналга чиқарилган.
Лаборатория таҳлиллари шуни кўрсатдики, оқова сув таркибида нефт маҳсулотлари қолдиқлари меъёрдан 5,02 марта, аммоний азоти 43,5 марта, кимёвий кислород сарфи 4,9 марта, муаллақ моддалар эса 13,6 марта юқори бўлган. Шунингдек, ифлосланган тупроқ намуналарида ҳам нефт маҳсулотлари қолдиқлари топилган.
Экология бошқармаси маълумотларига кўра, ушбу ҳолат натижасида табиатга етказилган зарар учун МЧЖга канални ифлослантиргани бўйича 2 миллиард 160 миллион сўм, тупроқни ифлослантиргани учун эса 60 миллион сўмдан ортиқ компенсация ҳисобланган. Жами тўлов миқдори 2 миллиард 220 миллион 40 минг 905 сўмни ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, 3-июл куни Яккасарой туманидаги қурилиш обьектида канализация тармоғида юзага келган техник носозлик оқибатида диаметри 1 800 мм бўлган қувурга шикаст етган эди. Бунинг натижасида сув тошиб, ер қопламасининг қисман чўкиши ва ўпирилиши кузатилган. Кейинчалик қурилиш ишлари давомида шикастланган қувурдан чиққан оқова сув Салор каналига оқизилгани аниқланган.

