Тошкентда қурилишга бериб юборилган болалар ва футбол майдончаси аҳолига қайтарилди

Тошкентда қурилишга бериб юборилган болалар ва футбол майдончаси аҳолига қайтарилди
Тошкентнинг Учтепа туманида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси қуриш учун бериб юборилган болалар ва футбол майдончаси аҳолига қайтарилди. Бу ҳақда 7-сентябр куни Президент Халқ қабулхонаси маълум қилди.
Хабарда айтилишича, тумандаги Қуйи Дархон маҳалласи Тақачи мавзесидаги 42-44-уйларда яшовчи фуқаролар 2014–2015-йилларда ўз маблағлари ҳисобидан 2-3-уйлар оралиғида жойлашган қаровсиз бўш ерда ҳашар йўли билан футбол ва болалар майдончаси барпо этган. Бир неча йил давомида шу ҳудудда яшовчи фуқаролар ҳамда уларнинг фарзандлари ушбу майдончалардан фойдаланиб келган.
2026-йил март ойида ўзини Интер Эхпресс Сервисе МЧЖ вакиллари деб таништирган шахслар бир неча бор Қуйи Дархон маҳалласига келиб, мазкур ҳудудда қурилиш ишлари режалаштирилганини билдирган. Аҳоли бунга норозилик билдириб, 2026-йил 16-март куни Президент Халқ қабулхонасига мурожаат йўллаган.
Мурожаат Учтепа тумани прокуратураси томонидан кўриб чиқилиб, жавоб хатида 2018-йилда мазкур ер Учтепа тумани ҳокимининг 946-сонли қарорига асосан Интер Эхпресс Сервисе МЧЖга савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчасини қуриш учун ажратилгани, шунингдек, Давлат кадастрлар палатаси томонидан 2025-йил 25-февралда давлат рўйхатидан ўтказилиб, МЧЖ номига расмийлаштирилгани қайд этилган.
Ўрганиш жараёнида мазкур масалага батафсил ҳуқуқий баҳо берилмагани ва қуйидаги ҳолатлар тўлиқ текширилмагани сабабли, Президент Халқ қабулхонаси 17-июн куни мурожаатни ижрога қайтарган: футбол ва болалар майдончаси мавжуд бўлган ҳудуд қандай асосларда бўш ер майдони сифатида баҳоланиб, тадбиркорлик субьектига ажратилган; ер участкаси 2018-йилда ажратилган бўлишига қарамасдан, нега ҳозирги кунга қадар мақсадли фойдаланилмаган.
Натижада Тошкент туманлараро иқтисодий судининг қарорига кўра, Интер Эхпресс Сервисе МЧЖнинг ушбу ер майдонига бўлган ҳуқуқи бекор қилинди.
Бош прокуратурага бутун Тошкент шаҳри бўйича бундай обьектларни тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш топширилди. Болалар майдончаси ўрнида амалга оширилган қурилиш ишлари юзасидан эса жиноят иши қўзғатилди.
Ўша ойда Тошкентнинг Яшнобод туманидаги турар жойлар орасида бошланган қурилиш бекор қилиниб, унинг ўрнига болалар майдончаси бунёд этиладиган бўлди.

