Маҳаллий

Тошкентда қандолат маҳсулотларига гашиш қўшиб тайёрлаган шахс ушланди

Ижара хонадонида нарколаборатория ташкил этилгани аниқланиб, у ердан 6 кг гиёҳвандлик воситалари топилди. Уларни тарқатиб келган “закладчик” ҳам қўлга тушди.

Тошкентда қандолат маҳсулотларига гашиш қўшиб тайёрлаган шахс қўлга олинди

Тошкентдаги нарколабораторияда гиёҳвандлик воситалари аралаштирилган қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилгани маълум бўлди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Вазирлик Тезкор-қидирув департаменти ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбири давомида жами 6 кг гиёҳвандлик воситалари қўлга киритилиб, фуқаро хонадонида нарколаборатория фош этилди.

2002-йилда Тошкент шаҳрида туғилган фуқаро интернет наркодўконда “закладчик” сифатида фаолият юритиб келган. Ушбу наркокурьер тезкор тадбир иштирокчилари томонидан Яшнобод туманида тўхтатилиб текширилганда, ёнидан 58 дона ўрамда тарқатишга мўлжалланган 74 грамм гашиш мойи топилган.

Тезкор-суриштирув ишлари давомида унинг гиёҳвандлик воситаларини мунтазам равишда 2002-йилда туғилган наркодўкон омборчисидан олиб тургани аниқланди. Шундан сўнг тезкор тадбир Чилонзор тумани Дўмбиробод маҳалласида давом эттирилди.

Наркодўкон омборчиси ижара хонадонида нарколаборатория ташкил этгани аниқланиб, у ердан 3,5 кг гашиш мойи, келгусида “закладка” усулида тарқатишга тайёрлаб қўйилган 361 дона ўрамда жами 350 грамм гашиш мойи, гашиш ва гашиш мойининг аралашмаси, шунингдек, 600 грамм гашиш, 1,5 кг гашиш мойидан тайёрланган печеньелар, 4 дона қадоқда гашиш мойи мармеладлари ҳамда қўлқоп, шприц, зип пакет, тарози, изоленталар, 500 дона бўш флакон, гиёҳванд модда тайёрлаш учун мўлжалланган барча жиҳоз ва ускуналар ашёвий далил сифатида олинди.

Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 19 250 дозага тенг бўлган жами 6 кг миқдорда гиёҳвандлик воситалари ҳамда нарколабораторияда ишлатиладиган турли буюмлар ҳужжатлаштириб олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан бу фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 6-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.