Тошкентда мактаб автобусларига эҳтиёж ўрганилмоқда

Тошкентда мактаб автобусларига бўлган эҳтиёж ўрганилмоқда
Тошкент шаҳрида ўқувчиларнинг мактабга қатнаши қандай йўлга қўйилгани ва мактаб автобусларига эҳтиёж бор-йўқлиги ўрганилмоқда.
Тошкент шаҳрида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази томонидан 5-сентябр куни сўровнома ўтказилди. Ушбу сўров пойтахтда мактаб автобусларини йўлга қўйиш имкониятларини аниқлаш, уларга эҳтиёж даражасини белгилаш ҳамда зарурат туғилса, бу тизимни жорий этиш масаласини кўриб чиқиш мақсадида ташкил этилган.
Сўровномада уй жойлашуви; бола ўқийдиган мактаб ва синф; мактабга чиқиш вақти; фойдаланиладиган транспорт тури; мактаб автобусига эҳтиёж бор-йўқлиги кўрсатилади.
Агар оилада бир нечта фарзанд бўлса, улар ҳақидаги маълумотлар алоҳида киритилади.
“Ундаги жавобларингиз фарзандингиз учун янада қулай ва хавфсиз мактаб қатновини ташкил этишда муҳим аҳамиятга эга”, дейилади марказ хабарида.
Қайд этилишича, сўровномада шахсий маълумотлар йиғилмайди. Натижалар фақат умумий таҳлил учун ишлатилади.
Тошкентдаги мактаблар ва бошқа таълим муассасаларида ўқув жараёнлари бошлангач, таълим муассасалари атрофида транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракати сезиларли даражада ортиб, айрим кўчаларда тирбандликлар юзага келиши мумкин. Шу сабабли пойтахт ИИББ тирбандликларнинг олдини олиш ва ўқувчи ҳамда талабаларнинг таълим муассасаларига хавфсиз етиб боришини таъминлаш мақсадида фуқароларга имкон қадар жамоат транспортидан фойдаланишни тавсия этганди.
2025-йил августида Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши сессиясида пойтахтда мактаб автобусларини йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинганди.
Ўзбекистоннинг олий ва чекка ҳудудларда жойлашган 715 та мактаб ўқувчилари учун бепул мактаб автобуслари йўлга қўйилиши президент фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган.

