Тошкентда футбол мусобақасига келган қозоғистонлик 17 киши овқатдан заҳарланди
Тошкентдаги Дўстлик Суп 2026 фестивалида қатнашиш учун Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидан келган 11 нафар бола ва 6 нафар катта ёшли киши овқатдан заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилди. Ҳозирда уларнинг аҳволи барқарор ва зарур муолажалар кўрсатилмоқда.

Тошкентда футбол мусобақасига келган қозоғистонлик 17 киши овқатдан заҳарланди
Тошкент шаҳридаги Дўстлик Суп 2026 халқаро ёш болалар футбол турнирида қатнашиш учун Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидан келган спортчилар овқатдан заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилди.
Хабарда айтилишича, 1-ноябр куни элчихонага фестивал иштирокчиларининг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида маълумот келиб тушган. Шундан сўнг консул Сакен Пердебеков зудлик билан 5-сонли шаҳар клиник юқумли касалликлар шифохонасига борган.
Тиббий ёрдам сўраб жами 19 киши мурожаат қилган, улардан 17 нафари касалхонага ётқизилган. Дипломатик ваколатхона маълумотига кўра, барча беморларнинг аҳволи ҳозир барқарор, уларга зарур муолажалар кўрсатилмоқда.
Қозоғистон элчихонаси вакиллари беморлар ҳолидан хабар олган ва уларнинг ота-оналари билан учрашган. Заҳарланиш сабаблари ҳамда даволаш жараёни икки мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирликлари масъуллари назоратига олингани билдирилган.
Даволаш жараёнига Тошкент тиббиёт академияси профессорлари ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходимлари жалб этилган.
3-ноябр куни мусобақанинг Инстаграм саҳифасида юз берган ҳодиса юзасидан расмий баёнот берилиб, жамоалар ва ота-оналардан узр сўралди. Ташкилотчилардан бирининг айтишича, ҳолат улар тўрт йилдан ортиқ вақтдан бери ҳамкорлик қилиб келаётган меҳмонхонада содир бўлган бўлиши мумкин.
Болалар аввал Учтепа туманидаги шифохонага олиб борилган, кейин кечқурун шаҳар клиник юқумли касалликлар шифохонасига ўтказилган.
“Кўпчилик расмий муносабатни вақтлироқ кутганини тушунамиз. Мурожаат ушланиб қолгани учун узр сўраймиз, бу вақт давомида бутун диққат-эътиборимизни болаларнинг саломатлиги, тиббий ёрдамни ташкиллаштириш ва юзага келган масалаларни ҳал этишга қаратдик. Энг аввало, бутун жамоамиз номидан самимий афсусда эканимизни билдирамиз. Гап биз тўрт йилдан ортиқ вақт давомида ҳамкорлик қилиб келаётган меҳмонхона ҳақида бормоқда. Биз бир четда қараб турмоқчи эмасмиз, барча зарур чораларни кўряпмиз, содир бўлган воқеага ойдинлик киритиш учун қўлимиздан келган барча ишни қилмоқдамиз”, — дейилади ташкилотчилар хабарида.
Ташкилотчилар, шунингдек, бемор болаларнинг аҳволи яхшилангач, уларни самолётда уйларига хавфсиз қайтаришни ташкиллаштираётганини ва вазият сабаб мусобақанинг биринчи босқичи тақдирлаш маросими бекор қилинганини, иккинчи босқични кўчириш ёки бекор қилиш масаласи кўриб чиқилаётганини қўшимча қилган.

