ДХХ кубоги: Тошкент вилоятининг “Оқ овул” жамоаси чемпионликни қўлга киритди (фотогалерея)

ДХХ кубоги: Тошкент вилоятининг “Оқ овул” жамоаси чемпионликни қўлга киритди
2021-йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” мусобақасининг жорий йилги мавсуми якунланди.
Тошкентдаги “Жар” стадионида бўлиб ўтган футбол бўйича финал баҳсида Бухоро ва Тошкент вилояти жамоалари ўзаро баҳс олиб борди. Унда Тошкент вилоятининг “Оқ овул” жамоаси 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, чемпионликни қўлга киритди. Шунингдек, Тошкент шаҳри жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
Ўғил болалар ўртасидаги мини-футбол мусобақасида Қашқадарё вилояти жамоаси олтин медални қўлга киритди. Тошкент шаҳри жамоаси иккинчи, Наманган вилояти жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади.
Мусобақа регламентига кўра, ғолибларининг маҳалласида замонавий мини-футбол майдони барпо этилади. Иккинчи ўрин соҳибларига универсал спорт майдони, учинчи ўрин эгаларига эса стритбол майдони қуриб берилади.
Қизлар ўртасидаги баҳсларда Тошкент вилояти жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Самарқанд вилояти жамоаси иккинчи, Тошкент шаҳри вакиллари эса учинчи ўриндан жой олди.
Ғолиб ва совриндорлар пул мукофотлари ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
2026-йил Ўзбекистон футболи учун тарихий воқеаларга бой бўлди. Миллий терма жамоа илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этди.
Республика ёшлари ўртасида тобора оммалашиб бораётган футбол ва мини-футбол бўйича Давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақаси ҳам ёш истеъдодларни аниқлаш ва уларни катта спорт сари йўналтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жорий йилги баҳслар ҳам кенг кўламда ташкил этилди. Апрел-май ойларида туман ва шаҳар босқичлари, июн-июл ойларида эса вилоят босқичлари ўтказилди. Мусобақаларда жами 262 минг нафардан ортиқ ёш иштирок этди.
Ўз ҳудудларида ғолибликни қўлга киритган 42 та жамоа 17–22-август кунлари “Бунёдкор” футбол академияси майдонларида Республика босқичида баҳс олиб борди.
Муросасиз кечган учрашувларда жамоалар ўз маҳаллалари ва ҳудудлари шарафи учун курашди. Иштирокчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор масканларига саёҳатлар ҳам уюштирилди. Бу ташрифлар ёшлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлади.

