Тошкентда Давлат солиқ бошқармаси собиқ бошлиғи ва Бош прокуратура шаҳар департаменти собиқ раҳбари устидан суд бўлиб ўтади
Тошкентда солиқ бошқармасининг собиқ раҳбари Юнусжон Насимжонов ва Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг шаҳар бошқармаси бошлиғи собиқ ўринбосари Алишер Ғаниев устидан суд кутилмоқда. Президент январь охирида уларнинг қонунбузарликлар учун ишдан бўшатилганини маълум қилган эди.

Тошкентда 21 сентябрь куни пойтахт бош солиқ бошқармасининг собиқ раҳбари Юнусжон Насимжонов ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти шаҳар бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Алишер Ганиевга нисбатан жиноят иши бўйича суд мажлиси тайинланди.
Юнусжон Насимжонов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) ва 205-моддаси 2-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) бўйича қўзғатилган жиноят ишида гумонланувчи сифатида иштирок этмоқда. У 2021 йилдан буён Тошкент шаҳар ДСБ бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
Алишер Ганиев ҳам ЖКнинг 205-моддаси 2-қисми «а» банди ва 223-моддаси 2-қисми «в», «г» бандлари (такроран, шунингдек чиқиши учун махсус келишув талаб қилинадиган мансабдор шахс томонидан қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш) бўйича жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда.
27 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев пойтахтда солиқ органлари ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш органлари фаолиятини мутлақо қониқарсиз деб атаб, ҳар икки амалдорнинг ишдан бўшатилганини эълон қилган эди. Ўша куни туман солиқ инспекцияларининг барча раҳбарлари лавозимидан озод этилиб, вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.
Давлат раҳбари солиқ органларининг айрим раҳбарлари солиқ тушумларини кўпайтириш ўрнига, айрим «тирноқ ичидаги тадбиркорлар»га ҳомийлик қилиш билан шуғулланаётганини кўрсатиб ўтганди. Текширувлар натижасида пойтахтда 70 миллиард сўмлик ҳисобга олинмаган солиқлар аниқланган.

