Тошкентда 151 хоналик NH Hotels меҳмонхонаси очилади
Minor Hotels NH Tashkent меҳмонхонасини очиш бўйича битим имзолади. 151 хонали меҳмонхонани 2027 йилнинг бошида фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.

Тошкентда 151 хонали NH Hotels меҳмонхонаси пайдо бўлади
Minor Hotels халқаро меҳмонхоналар гуруҳи Ўзбекистон пойтахтида NH Tashkent меҳмонхонасини очиш бўйича франчайзинг шартномасини тузди. Вобъектни ишга тушириш 2027 йилнинг бошига мўлжалланган.
Имзолаш маросими 2026 йил 4 ноябрь куни бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси ўринбосари Санжар Тажиев, шунингдек, Minor Hotels ва NH Hotels & Resorts бренди раҳбарияти вакиллари иштирок этди.
Меҳмонхона 151 та хонани, жумладан, стандарт хоналар, Junior Suite ва Deluxe хоналарини ўз ичига олади. Меҳмонлар учун миллий ва халқаро таомлар ресторани, спорт зали ҳамда ишбилармонлик учрашувлари, халқаро конференциялар ва бошқа тадбирлар учун анжуманлар зали кўзда тутилган.
Санжар Тажиев таъкидлаганидек, халқаро меҳмонхона операторлари билан ҳамкорлик Ўзбекистон учун глобал брон қилиш платформалари, корпоратив мижозлар ва халқаро сотув каналларига киришни кенгайтиради. Бу ишбилармонлик ва тадбирлар туризмини ривожлантиришга, хорижий меҳмонларни жалб қилишга, янги иш ўринларини яратишга ва туристик хизматлар экспортининг ўсишига хизмат қилиши кутилмоқда.
NH Tashkent’нинг очилиши пойтахтда халқаро даражадаги меҳмонхона хизматлари таклифини кенгайтиради ҳамда хизмат сафарлари ва MICE-туризм учун инфратузилмани мустаҳкамлайди.
Туризм қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 32 та халқаро меҳмонхона бренди фаолият юритмоқда, уларнинг бошқаруви остида 52 та меҳмонхона мавжуд.
NH бренди тарихи 1978 йилда Испанияда биринчи меҳмонхонанинг очилиши билан бошланган. Бугунги кунда NH Hotels & Resorts тармоғи 25 та мамлакатдаги 201 та меҳмонхона ва курортни бирлаштиради.
Minor Hotels халқаро гуруҳи олта қитъада 560 дан ортиқ меҳмонхона объектларини бошқаради. Унинг портфелига, шунингдек, Anantara, Avani, NH Collection, nhow, Oaks ва Tivoli брендлари киради.

