Тошкентда 100 та ҳожатхона ташкил этилади
2026-йилда Тошкент шаҳрининг марказий ва туризм кўчалари, хиёбонлар ҳамда аҳоли ва сайёҳлар ташриф буюрадиган обьектлар атрофида 100 та санитария-гигиена шохобчаси (ҳожатхона) ташкил этилади. Шохобчалар соддалаштирилган тартибда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қурилади.

Тошкентда 100 та ҳожатхона барпо этилади
Тошкент шаҳрининг марказий ва туризм кўчалари, хиёбонлар ҳамда пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари борадиган обьектлар атрофида 100 та санитария-гигиена шохобчаси (ҳожатхона) қурилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзаковнинг қарорида белгиланган.
Шохобчалар 2026-йилда соддалаштирилган тартибда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилади.
Қарорга мувофиқ, 100 та санитария-гигиена шохобчасини жойлаштириш учун зарур топографик ишлар билан боғлиқ харажатларга 140,4 млн сўм ажратиш юзасидан “Тошкент Инвест компанияси” АЖ кузатув кенгашига таклиф киритилади.
Мазкур маблағни Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан “Қурилишда муҳандислик қидирувлари, геоахборот, шаҳарсозлик кадастри лойиҳа илмий-тадқиқот институти” МЧЖга ажратиш кўзда тутилган.
Ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланишини “Тошкент Инвест компанияси” АЖ таъминлайди. Тошкент шаҳри Ғазначилик хизмати бошқармаси эса маблағларни белгиланган тартибда молиялаштириш чораларини кўради.

